Мазкур давлат дастури лойиҳаси жорий йилнинг 18–28 январ кунлари 2021.strategy.uz, jamoatchilik.uz ва regulation.gov.uz веб-порталлари, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.

Муҳокамалар доирасида фармон лойиҳаси маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда 700га яқин, телерадиоканалларда қарийб 400та чиқиш ва эшиттиришлар эфирга узатилди.

Натижада, лойиҳа бўйича 4 мингга яқин таклифлар келиб тушди. Хусусан, давлат бошқаруви йўналиши бўйича – 1 239 та, суд-ҳуқуқ йўналишида – 479та, иқтисодиёт соҳасида – 901та, ижтимоий соҳада – 1018та, ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналишида– 146та.

 Таклифларни ҳар томонлама кўриб чиқиш якунига кўра, лойиҳага жами 50га яқин концептуал ҳамда 100дан ортиқ аниқлаштирувчи таҳририй ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурида режалаштирилаётган тадбирларни молиялаштиришга умумий қиймати 29 492,7 млрд. сўм ҳамда 2 600,4 млн. АҚШ доллари ва 57,5 млн. евро миқдоридаги маблағлар ажратилиши кўзда тутилган.

Давлат дастури жами 274та банддан иборат бўлиб, биринчи – давлат бошқаруви йўналиши бўйича – 20та, иккинчи – суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича – 18та, учинчи – иқтисодиёт йўналиши бўйича 113та, тўртинчи – ижтимоий соҳа йўналиши бўйича 93та, бешинчи – ташқи сиёсат ва хавфсизлик йўналиши бўйича 30та банддан иборат вазифалар белгилаб олинган.

2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси ишлаб чиқилади
«Тараққиёт стратегияси» маркази бўлим бошлиғи Фарҳод Ишанкуловнинг Kun.uz мухбирига маълум қилишича, фармон билан давлат дастури лойиҳасининг биринчи йўналишига 20-банд сифатида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегиясини ишлаб чиқиш вазифаси киритилган. Ушбу вазифа жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган дастлабки Давлат дастури лойиҳасида акс эттирилмаганди.

Шунингдек, Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш билан боғлиқ яна бир қатор таклифлар берилган. Жумладан, давлат дастури лойиҳасининг 4-бандида назарда тутилган давлат бошқаруви ходимлари сонининг ўртача 15 фоизгача оптималлаштиришни амалга оширишда меҳнат қонунчилигига қатъий риоя этган ҳолда қисқартиришга тушган ходимларни эгаллаб турган лавозими даражасида иш билан таъминлаш ҳамда дастур лойиҳасининг 11-бандида назарда тутилган бепул юридик ёрдам тизимини ривожлантиришни давлат томондан қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи таклифлар берилган ва бу таклифлар президент фармонида акс эттирилган.