15. Ислам Слимани – «Лестер»дан «Лион»га (эркин агент)

Слимани «тулкилар» учун муваффақиятсиз харид бўлиб чиқди. Уни чемпионликдан кейинги ёзда харид қилишган, ўшанда бирданига топ-клублар қаторига қўшилиб қолган «Лестер» захира ҳужумчиси учун 27,9 млн фунт сарфлашганди. Ислам биринчи мавсумида деярли ҳар ўйинда иштирок этди, аммо ўша мавсумда «Лестер» лигани тарк этишдан базўр қутулиб қолди – кейинги йилларда эса у клуб учун «очилмайдиган чамадон»га айланди - сўнгги мавсумлар «Ньюкасл», «Фенербаҳче» ва «Монако» клубларида ижарада ўтди.

Варди борлигида бошқа ҳужумчилар учун «Кинг Пауэр»да ўзини кўрсатиш учун деярли ҳеч қандай имкон бўлмайди. Аммо ҳозирда Айосе Перес иккинчи скрипка ролини бажаришни уддаламоқда (Варди билан жуфтликда, асосий ҳужумчи ортидан ёки қанотларда). Слимани эса бундай қила олмаганди, шу туфайли Перес эмас, айнан у «Лестер»да ўринбосарлар жамоасида ўйнади. Энди у ҳужумкор «Лион»да имкониятини синаб кўради.

14. Демарай Грей – «Лестер»дан «Байер»га (1,8 млн фунт)

Ўтган ўн йилликларда англиялик футболчилар Европанинг бошқа қисмларига боришмасди. Энди эса ўртамиёна, миллий жамоа сафида ўйнамаган ва ҳатто сўнгги ярим йилни ўйин амалиётисиз ўтказган футболчи ҳам ЕЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб бораётган немис клуби учун керак бўлиб қолди.

Аслида, Грей ноунейм эмас. У Англиянинг ўсмирлар ва ёшлар жамоаларидаги асосий етакчи футболчи бўлган, беш йил муқаддам «Лестер»га чемпионлик мавсуми арафасида қўшилганди. Роджерс даврида эса Демарай асосий таркибдан четда қолди, айни вақтда ҳужум чизиғида рақобат кучли. Грей учун чап қанот ҳужумида ўйнаш қулай, немис клуби бош мураббийи Петер Бош сўнгги ўйинларда бу позицияга бегона бўлган Вирц ва Бэйлини ўйнатишга мажбур бўлмоқда, у ушбу трансфер орқали жамоа ҳужум чизиғида январ ойида кузатилган муаммоларни ҳал қилишни кўзлаган.

13. Ўзан Қобоқ – «Шальке»дан «Ливерпуль»га (ярим йиллик ижара учун 1 млн фунт)

Сўнгги йилларда «қизиллар»нинг трансфер сиёсати кўп мақтов олмоқда. Албатта, клуб Клопп мураббийлиги даврида янги харидларни амалга оширишда кам хато қилди, аммо бу сафар марказий ҳимоячи танлашда жуда кўп вақт сарфланди ва бу кўплаб очколар йўқотилишига олиб келди. Клуб Ўзанни ўрганишни ярим йил аввал бошлаганди, аммо у бўйича шартнома қишки трансферлар даричаси ёпилиши арафасида имзоланди – бунда Матип мавсум якунига қадар сафдан чиққани ҳам рол ўйнади. Лекин ушбу йўқотишсиз ҳам клубга центрбек жуда зарур эди? Агар Кабак 1 февралдамас, 1 январда келганида қанча очко ёнга қолган бўларди?