Ўзбекистон | 08:42 / 06.02.2021
6075
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Covid-19 инфекциясига чалинганларни даволашга мўлжалланган охирги марказ ёпилди

Самарқанд шаҳрида жойлашган коронавирусга чалинган беморларни даволашга мўлжалланган охирги марказ ҳам ёпилди. Бу ҳақда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Фото: Kun.uz / архив

Қайд этилишича, 5 феврал куни Самарқандда коронавирус инфекциясига чалинган охирги бемор соғайиб, ўз уйига кузатилган. Вилоятда «Covid-19» инфекциясига чалинган бемор қолмаган. Шу боис, мазкур касалликка чалинган беморларни даволаш учун мослаштирилган марказ (Хоспис) ўз ишини якунлаган.

Таъкидланишича, пандемия бошлангандан буён ҳозирга қадар илк бор вилоятда коронавирусга чалинганлар бутунлай соғайиб бўлган ва бирорта бемор қолмаган.

«Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мазкур жараёнларда фидойилик кўрсатган барча тиббиёт ходимларига ўз миннатдорчилигини билдиради», дейилади хабарда.

Маълумот учун, коронавирусга чалиниш ҳолати энг кўпайган пайтда вилоятда Самарқанд шаҳридаги олимпия захираларини тайёрлаш мажмуасида 1080 ўринли, Ургут туманида 500 ўринли, Каттақўрғон шаҳрида 200 ўринли тақсимлаш марказлари ташкил этилган эди. Ноябр ойининг иккинчи ярмига келиб Самарқанд вилоятида коронавирусга чалиниш ҳолати кескин камайгандан сўнг аввалига Ургут ва Каттақўрғондаги, сўнг олимпия захираларини тайёрлаш мажмуасидаги тақсимлаш марказлари ёпилганди. Мана энди сўнгги тақсимлаш маркази ҳам ёпилди.

Мавзуга оид