Norma’нинг ёзишича, қуйидагилар ташкил этилди:
- қишлоқ хўжалиги тармоқларида таълим, илм-фан, ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги субъектларига замонавий агрохизматлар кўрсатишнинг узвий тизимини ўзаро боғлайдиган Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази;
- Қишлоқ хўжалиги соҳасида таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш;
- Қишлоқ хўжалигида билим ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси.
Миллий марказ Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази, «Агроинновация» ДУК, Ғўза уруғчилиги маркази негизида ташкил этилади. Миллий марказ Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг ишчи органи ҳисобланади ва қуйидагиларни амалга оширади:
- ўз тизимидаги илмий-тадқиқот муассасаси фаолиятига бевосита раҳбарлик қилади;
- чорвачилик йўналишлари, ўрмон ва сув хўжалиги, ипакчилик соҳаларида фаолият юритувчи илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорликдаги фаолиятни йўлга қўяди;
- қишлоқ хўжалиги соҳасидаги олий ва профессионал таълим муассасаларининг илмий ва инновацион фаолиятини мувофиқлаштиради.
2021 йилдан бошлаб Мувофиқлаштирувчи кенгаш 2021 йил 1 апрелга қадар Қишлоқ хўжалигининг устувор йўналишлари, глобал, минтақавий ва ҳудудий муаммоларнинг илмий ечимларини тадқиқ қилиш бўйича кейинги 5 йилга мўлжалланган дастур ишлаб чиқади. Беш йиллик дастурда назарда тутилган йўналишлар қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий лойиҳалар бўйича давлат буюртмаларини шакллантириш учун Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади.
Шунингдек қуйидагилар ташкил этилади:
а) 2021–2022 йилларда:
Республика агрохизматлар маркази;
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар агрохизматлар марказлари;
б) 2022 йилдан бошлаб босқичма-босқич қишлоқ туманларида туман агрохизматлар марказлари ташкил этилади.
Ҳудудий агрохизматлар марказлари Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш марказининг ҳудудий бўлинмалари негизида ташкил этилади.















