2020 йил декабрида Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги 13 нафар фуқарони вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун БААга юборган.

«Дубай аэропортига қўнар эканмиз, барчамизнинг кайфиятимиз яхши эди, лекин аэропортдан чиқиб, автобусда Шаржа амирлиги ҳудудида жойлашган ишчилар ётоқхонасига келганимизда у ердаги аянчли манзарани кўриб, ўзимизни қамоқхонага келгандан ҳам ёмонроқ ҳис қилдик», – дейди меҳнат муҳожири С.Б. Kun.uz билан суҳбатда.

Маҳаллий аҳоли тилида Labour Camp («меҳнат лагери») деб аталадиган бу икки қаватли бинолардаги шароит чиндан ҳам абгор.

Тахминан 6 метр квадрат хона 8 киши учун мўлжалланган. Яъни ҳар бир хонада 4та икки қаватли кроват жойлаштирилган, кийим-кечак ва бошқа буюмларни сақлаш учун ҳеч қандай жавон йўқ, овқатланиш ҳам ана шу хона марказидаги столда кечади.

Ҳожатхонадаги кўп эшиклар қулфланмайди, душ қабул қилиш кабиналарида сув йўқ, суви бор кабиналарда эса душ обдастаси бўлмагани туфайли челакка сув тўлдириб чўмилишга тўғри келади.

Лагердаги ошхоналарнинг ҳам аҳволи хароб.

Ошхонадаги барча анжомларни, жумладан печка ва газ баллонларини ёғ ва чирк босган. Ҳар ерда овқат қолдиқлари, суварак ва бошқа майда ҳашаротлар. Бутун лагер ҳудудидан овқатнинг бошқа бадбўй ҳидлар билан қоришган ёқимсиз иси уфуриб туради.

Меҳнат лагерида асосан Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш, Непал ва Африка мамлакатларидан келганлар истиқомат қилишади.