11 феврал куни Минскда Бутунбеларус йиғини - ҳокимият ва жамоатчиликнинг 2700 нафар вакили иштирокидаги икки кунлик съезд иш бошлади. Биринчи куннинг асосий натижаси - Александр Лукашенко 2021 йил бошида Беларусда ваколатларни ҳукумат ва парламент фойдасига қайта тақсимлаш билан боғлиқ мамлакатнинг янги конституцияси лойиҳасига овоз бериш ўтказилишини ваъда қилди.
У бу гапни уч соат-у қирқ дақиқа давом этган нутқининг охирида айтди. Бироқ ушбу нутқдан келиб чиқадики, Лукашенко аввалгидек ҳамма нарсани: ташқи сиёсатдан тортиб то Минскдаги чанғи йўлининг ҳолатига қадар назорат қилишни хоҳлайди, деб ёзади BBC.
Бутунбеларус йиғини ҳар беш йилда ўтказилади, Лукашенко уни "вече" деб атайди.
Унга ўтган йилнинг кузидан бошлаб тайёргарлик кўрилди ва президентнинг сўзларига кўра, айнан йиғин Беларус Республикасининг янги Конституциясини ёзишга тайёргарликни бошлаши керак эди. Шуниси ҳам борки, барча нарсани Лукашенконинг ўзи бажарди.
Саҳна тепасига "Бирлик, тараққиёт, мустақиллик" шиори илинган залга 2700 нафарга яқин делегат - ҳокимият, саноат корхоналари, касаба уюшмалари, фан, маданият ва спорт вакиллари тўпланди. Кўпи билан, ҳар эллик кишидан бири тиббий ниқобда эди. Йиғинда сайлов натижаларига қарши оммавий намойишлар ташкилотчиларидан ҳеч ким йўқ эди.
Съезд дарҳол президиумни сайлади ва кейинги тўрт соат Александр Лукашенконинг нутқи билан ўтди.

Унда барча мумкин бўлган мавзулар қамраб олинди: лифт ишлаб чиқариш ва област марказлари атрофини айланиб ўтувчи йўллар қурилишидан тортиб ташқи сиёсатгача. У содир бўлаётган воқеаларни "давлатимиз ҳаётидаги бурилиш даври" деб атади.
"Беларус ташқаридан қаттиқ ҳужумга дуч келди, - деди Александр Лукашенко. - Улар [Ғарб давлатлари] илк бор ўз услубларини вайрон бўлган ва йиқилган мамлакат мисолида эмас, балки монолит республикада қўллашга қарор қилишди".
Унинг сўзларига кўра, 2020 йил августда бўлиб ўтган президентлик сайловларидан кейин бошланган воқеалар ҳатто "рангли инқилоб" эмас, балки исён ва блиц-криг эди.








