Бирлашган Араб Амирликларига сафаримиз давомида 10 йилдан кўпроқ вақт илгари Ўзбекистонни тарк этган ўзбек гроссмейстери Сергей Қаюмов билан учрашдик.

Сергей – 39 ёшда; шахматчилар оиласида туғилган. Отаси Дмитрий Қаюмов – халқаро гроссмейстер, онаси Ирина Қаюмова – ФИДE устаси ва халқаро ҳакам. Сергей Қаюмов 2011 йилда Дубайда шахмат марказини очган ва мураббийлик фаолиятини бошлаган.

У интервюсида Ўзбекистондан энг кучли шахматчиларнинг чиқиб кетиши сабаблари, нима учун ватанни тарк этишига тўғри келгани ва бошқа кўп нарсалар ҳақида сўзлаб берди.

(Интервю 2021 йил 28 январда Дубайда, Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси лавозимига тайинланишидан олдин ташкил этилган).

– Сергей, нега бугунги кунда шахмат каби шундай интеллектуал ўйин бошқа спорт турлари билан солиштирганда унчалик оммабоп эмас?

– Барча спорт турлари ичида қайси бири энг оммабоп?

– Футбол.

– Хўш, нима учун?

– Томошабоп, ҳиссиётлар.

– Бошқа тарафи ҳам борми? Чунки бу ўйин қоидалари ҳамма учун тушунарли. Футбол кўриб ўтирган одам бир дақиқа ичида ўйиннинг маъносини тушуниши мумкин, аммо шахмат ўйини қоидаларини қандай тушуниш керак? (Кулади). Ҳа, мабодо бир дақиқалик блиц (тезкор шахмат) бўлса, ҳатто тахтада нима содир бўлаётганини тушунмасдан туриб ҳам ҳиссиётлар шиддатини кузатиш қизиқ, аммо афсуски, ўйин қоидаларини ҳамма ҳам билмайди.

Лекин Каспаров, Карпов, Фишер ўйнаган даврларда шахмат жуда машҳур эди. Ҳозирда Карлсен (Магнус Карлсен – амалдаги жаҳон чемпиони – таҳр.) туфайли шахмат яна оммалашмоқда, у шахматни яхши даражага кўтарди. Бундан ташқари, «Қироличанинг юриши» сериали ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди, чунки у шахматнинг ўзига хос хусусиятларини тушунмайдиган одамлар учун ҳам қизиқ эди.

– Ҳар икки тараф учтадан юриш қилганидан кейин 9 миллиондан ортиқ комбинация пайдо бўлиши ростми?