26–27 сентябр кунлари Самарқанд шаҳрида Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) президенти сайлови бўлиб ўтади.
Овоз бериш жараёни дунёнинг 200 га яқин миллий шахмат федерациялари вакилларини жамлайдиган ташкилот Бош ассамблеяси доирасида ўтказилади.
Ушбу сайлов навбатдаги FIDE Конгрессининг асосий воқеаларидан бири бўлиб, 15–27 сентябр кунлари Самарқандда ўтказиладиган 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси билан бир вақтда бўлиб ўтади.
Самарқанд икки ҳафта давомида минглаб спортчилар, расмий шахслар ва миллий федерациялар вакилларини бирлаштириб, жаҳон шахмат пойтахтига айланиши кутилмоқда.
2018 йилдан бери федерацияга раҳбарлик қилиб келаётган ва 2022 йилда қайта сайланган FIDE президенти Аркадий Дворкович жорий йилнинг июл ойида Европа Иттифоқи томонидан унга нисбатан санкциялар жорий этилганидан сўнг ўз ваколатларини бажаришни вақтинча тўхтатган эди. Президент вазифасини бажариш FIDE раҳбари ўринбосари, беш карра жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик шахматчи Вишванатан Ананд зиммасига ўтган.
Айни вақтда сайловда иштирок этиш учун уч нафар номзод рўйхатга олинган. Президентлик лавозими учун Қозоғистон шахмат федерацияси президенти Тимур Турлов (вице-президентликка номзод – Вишванатан Ананд), германиялик тадбиркор Ян Хенрик Бюттнер (британиялик шахмат арбоби Малколм Пейн) ва Германиянинг “WR Chess” шахмат жамоаси асосчиси Вадим Розенштейн (сингапурлик тадбиркор Гордон Тан) кураш олиб боради.
FIDE низомига кўра, президентни миллий шахмат федерацияларидан ташкил топган Бош ассамблея сайлайди. Ҳар бир федерация битта овозга эга бўлади. Овоз бериш яширин тарзда ўтказилади ва энг кўп овоз тўплаган номзод ғолиб деб топилади.











