Наманганда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида халқ депутатлари вилоят кенгаши навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Унда 2020 йил 25 сентябрдан буён Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаб келган Шавкат Абдураззоқов вилоят ҳокими этиб тасдиқланди. Шу тариқа, унинг лавозимидан вақтинча бажарувчи сўзи олиб ташланди.

«Хабарларинг бор, Наманган вилоятининг аввалги ҳокими Хайрулла Бозоров ислоҳотларимизни амалга ошириш бўйича кўп ишлар қилди. Бошқа ҳудудларда бўлгани каби катта корхоналари йўқ Наманганда ҳоким бўлиш осон эмас. Биз Наманганда Бозоров билан яхши ишладик. Бу ерда олинган сабоқ ва тажрибани иккинчи вилоятда ҳам қўллаш, одамларнинг бирини икки қилиш учун уни Фарғона вилоятига ҳоким қилдик.

У яхши ишлагани учун Фарғона вилоятига ўтказдик. Бозоров билан гаплашиб, унга янги вазифалар қўйдик. Менинг Бозоровдан умидим катта.

Энди Наманган вилоятига янги ҳоким тайинлаш масаласини кўриб чиқишимиз керак. Наманганнинг бугунги ривожига муносиб, уддабуррон, халқпарвар, тадбиркорни қўллаб-қувватлайдиган одамни раҳбар қилиб сайлашимиз керак», деган президент.

Давлат раҳбари ҳокимларни тайёрлаш ва тайинлаш масъулияти ҳақида гапирган.

«Ҳаёт шундайки, мен ҳар бир вилоятга раҳбар бўла оладиган одамни тўрт-беш йил олдин тайёрлашга мажбурман.

Энди янги ҳоким масаласида гапирсак. Шавкат Абдуразоқов Наманган тумани, Наманган шаҳрида ҳоким бўлган, Вазирлар Маҳкамасида департамент мудири, вазир бўлиб ишлаган. Наманганнинг шароитини, халқнинг дардини, Тошкентдаги кабинетлар эшигини қандай очишни, масалани қандай ҳал қилишни билади.

Наманганга Тошкентдан бирорта вазирни олиб келиш мумкин эди, лекин Наманганни яхши биладиган одам қўйилиши тўғрироқ бўлади. Мен Шавкат Абдураззоқовни Наманган вилояти ҳокими вазифасига тавсия қиламан. Ҳозирги ҳолатда ундан яхшироқ номзод йўқ, деб ўйлайман. У сизлар учун янги одам эмас, ўз ичингиздан чиққан одам», деди президент Шавкат Абдураззоқов ҳақида.

Шавкат Абдураззоқовнинг номзоди Наманган вилояти ҳокими лавозимига бир овоздан қўллаб-қувватланди.