Norma’нинг ёзишича, ҳужжатда кимё, биокимё, газ ва нефть-кимё саноати трансформациясининг асосий узоқ муддатли стратегик йўналишлари белгиланди.
 
Технологик трансформация – маҳаллий хомашёдан ярим тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари негизида хомашёдан тайёрланган тайёр маҳсулотгача бўлган кўп поғонали қўшилган қиймат занжирларини яратиш.
 
Хўжалик муносабатлари тизимини трансформация қилиш – давлат томонидан аралашувга чек қўйиш ва эскича режа-тақсимлаш тизимидан батамом воз кечиш.
 
Мулкий муносабатлар тизимини трансформация қилиш – янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишга хусусий капитални жалб қилиш орқали кимё корхоналарида давлат улушини кескин камайтириш ва кимё корхоналарини хусусийлаштириш.
 
Рақамли трансформация – молиявий, моддий ва кадрларга оид ресурслар ҳаракатини бошқариш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни маркировкалаш, молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартлари асосида бухгалтерия ҳисобини юритиш тизимларини жорий этиш учун соҳага замонавий дастурий таъминот тизимларини татбиқ этиш.
 
Илм-фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги муносабатлар трансформацияси – инновация жараёнларини ташкил этиш, замонавий технологияларни трансфер қилиш бўйича илғор хорижий тажрибалар асосида фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг янги тизимини йўлга қўйиш.
 
Кадрлар тайёрлаш тизимининг трансформацияси – кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш, шунингдек мавжуд ва янги барпо этиладиган ишлаб чиқариш қувватларини юқори малакали маҳаллий ва хорижий мутахассислар билан таъминлаш.
 
2021 йилдан бошлаб Кимё ва газ-кимё саноатида технологик кластерларни яратиш бўйича очиқ ҳамкорлик дастури жорий этилади. Унда янги ишлаб чиқариш қувватларини яратишда хусусий ва хорижий инвесторлар ва технологик шерикларни жалб қилиш назарда тутилган. Дастурга қуйидаги технологик кластерлар киритилган:

«Навоийазот» АЖ, «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ, Устюрт ва Шўртан газ-кимё мажмуалари, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводининг ишлаб чиқариш ва унга туташ ҳудудлари;

трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари тугагандан сўнг «Фарғонаазот» АЖ ва Фарғона нефтни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш ва унга туташ ҳудудлари.