Нидерландия жанубидаги Синт-Уденроде шаҳрида жойлашган паррандачилик фабрикасида парранда гриппи аниқланди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати сайтида маълум қилинди.
Қайд этилишича, "касалликнинг ўта хавфли тури" тарқалган бўлиши мумкин. Касаллик тарқалишининг олдини олиш мақсадида ушбу ферма ҳамда унинг яқинида жойлашган яна иккита фермадаги 122 минг бош товуқ йўқ қилинади.
Яқин уч километр радиусдаги еттита паррандачилик фабрикасида эса парранда гриппига мунтазам тест олинади.
Ўн километр радиусда жойлашган яна 26та фермага эса паррандалар ва уларнинг тухумларини ташиш тақиқланди.
Аввалроқ Россияда одамга парранда гриппи юқиши қайд этилганди.















