Қурилиш вазирлиги томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида Тошкент вилоятида бир қатор турар жой бинолари экспертиза органларининг ижобий хулосаси олинмаган ҳолда лойиҳа ҳужжатларисиз, қурилиш-монтаж ишларини бошлаш юзасидан ваколатли органни хабардор қилмасдан қурилаётгани аниқланган.
Жумладан, Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани «Дўстлик» МФЙ ҳудудида амалга оширилаётган мониторинглар жараёнида «ENERGO TEHNIKA GRANT» МЧЖ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 ноябрдаги 961-сонли қарорлари талабини бузиб, ҳудудий инспекцияни хабардор қилмасдан учта 4 қаватли турар жой биноларида ўзбошимчалик билан қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётгани аниқланган. «ENERGO TEHNIKA GRANT» МЧЖ фаолиятида қисқа муддатли текшириш ўтказиш тўғрисида Тошкент вилояти қурилиш соҳасида назорат инспекциянинг 2020 йил 23 декабрдаги 279-сонли буйруғи асосида 1 кунлик текшириш ўтказилган.
Қисқа муддатли текшириш натижасига кўра, ишга оид бўлган барча ҳужжатлар ўрнатилган тартибда расмийлаштирилган ва ҳуқуқбузарликка йўл қўйган масъул шахсга нисбатан маъмурий баённома тузилиб, ҳуқуқбузардан тушунтириш хати ва тилхат олиниб, қонунчиликда белгиланган тартибда чора кўриш юзасидан Жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судига ҳужжатлар тўплами тақдим қилинган ва Ўзбекистон Республикаси МЖкТнинг 99-моддаси 7-қисми билан жавобгарликка тортилган.
Маълум қилинишича, тегишли чора кўрилганидан кейин ҳам «ENERGO TEHNIKA GRANT» МЧЖ томонидан қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилмаган ҳамда белгиланган тартибда инспекциядан рўйхатдан ўтиш учун тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилмаган.
Шунингдек, Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани «Ойдинобод» МФЙ ҳудудида амалга оширилган мониторинглар жараёнида «RUS BEK» МЧЖ томонидан тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларини расмийлаштирмасдан, ҳудудий инспекцияни хабардор қилмасдан савдо ва маиший хизмат кўрсатиш комплексида қурилиш-монтаж ишлари олиб борилаётгани аниқланган, рухсат ҳужжатлари мавжудлиги ва шаҳарсозлик меъёрлари ҳамда қоидаларига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текшириш олиб борилиб, аниқланган ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш бўйича хўжалик юритувчи субъектнинг «RUS BEK» МЧЖ фаолиятида қисқа муддатли текшириш ўтказиш тўғрисида Инспекциянинг 2020 йил 23 декабрдаги 278-сонли буйруғи асосида 1 кунлик текшириш ўтказилган.

















