Бу сафарги ҳикоямиз Фарғона вилояти Риштон туманининг Марказий Фарғона чўлларида бир неча йилдан буён туячилик билан шуғулланиб келаётган Асроржон Ҳикматовнинг фермерлик фаолияти ҳақида.

Туя парваришининг ўзига хос жиҳатлари, хўжалик ишчиларининг кунлик иш фаолияти билан танишиш учун фермер хўжалигида бўлдик.

Маълум бўлишича, туялар кунига 3 маҳал: эрта тонгда, тушлик ва кечки пайтда соғилар экан. Саҳарги соғиш жараёнининг гувоҳи бўлиш учун эрта тонгдан Риштон сари йўлга чиқдик.

Бизни фермер хўжалик ишчилари самимий кутиб олиб, тўғри сут соғиладиган жойга олиб боришди. Ишчилар манзилгоҳидан то туялар оғилига етиб боргунча хийла пиёда йўл босдик.

Фермер хўжалиги ишчилари туя елинларини обдан сувда тозалаб ювиб, икки томондан соға бошлашди. Орада бўталоқлар ҳам сут билан сийланди.

«Бундан бир неча йил аввал дадамнинг тоби қочиб, узоқ вақт тўшакка михланиб қолган эди. Одамларнинг берган тавсиялари билан дадам ниҳоят туя сутидан даво топдилар. Ўшанда биринчи марта туяларга меҳрим уйғонган. Дадам ҳозиргача туя сути ичадилар. Абу Али ибн Сино «Тиб қонунлари» асарида туя сути шифобахшлиги хусусида тўхталиб, таркибидаги витаминлар сигир сутига нисбатан уч баробар кўп бўлиши ҳақида таъкидлаган. Ибн Синонинг айтганлари рост бўлиб чиқди. Туя сутининг минг дардга даво эканига дадам мисолида ўз ҳаётимда амин бўлганман»,— дейди «Рошидон наслдор туялари» фермер хўжалиги раиси Асроржон Ҳикматов.

Кўз очиб юмгунча 4 бош туя соғиб бўлиниб, поёни йўқ яйловларга олиб кетилди. Бўталоқларнинг ёнига хашак солинди. Биз янтоқзорга одимлаб бораётган туяларнинг кетидан эргашдик...

«2013 йилда Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидан биринчи туяни олиб келганман. Энг севган жонзотим туя. Ҳаётимни уларсиз тасаввур қила олмайман. 2013 йилдан буён эрта-ю кеч туялар билан биргаман. Жами 31 туя бор, ундан 27 таси урғочи, 4 таси эркак», — дейди Асроржон Ҳикматов.

Ишчиларнинг айтишига қараганда, биз бу ерга келишимиздан бир кун аввал «Комила» исмли туя болалаган экан. Қизиқ, ҳар бир туянинг ўз исми бўлиб, уларни шу ном билан чақиришар экан.