Масъуллар суюлтирилган газни график асосида етказиб беришни эплолмаяпти. Kun.uz муаммони Қува тумани Мўйдин Ҳасанов маҳалласи мисолида кўриб чиқди. Авваллари узоғи 45 кунда келган суюлтирилган газ 100 кундан ошибдики, йўқ бўлиб қолган. Одамлар қора бозордан қиммат нархда пропан сотиб олишга ўтган (яқинда Зангиотада бўлган портлашни эсланг). Айримлар эса ўтин ва таппи ёқиб овқат пиширишга мажбур бўляпти.

Равшан Мадраҳимовнинг айтишича, авваллари бир ойда бир марта 43 минг сўм эвазига 20 кг суюлтирилган газ ташлаб кетилган.

“Шу пайтгача ҳар бир хонадонга 20 кг газ берарди. У ҳам бўлса ҳеч қанчага етмай тугаб қоларди. Энди бўлса шу ҳам йўқ. 100 кундан бери келмаяпти. Сабабини ҳеч ким билмайди.

Бўш газ баллонни оғирлиги 20 кг бўлса, ичига 20 кг суюлтирилган газ қуйса, газ баллоннинг умумий оғирлиги 40 кг бўлиши керак. Аксарият ҳолатларда газ баллонни тортиб беришмайди. Ичида қанча борлигини аниқ билмаймиз. Балки 15 кг дир, балки ундан ҳам камроқ. Чунки берган гази 20 кунга ҳам етмайди. Икки келиним бор; бола-чақа, неваралар билан жами 12 киши яшаймиз. Газ тугаб қолганда ўчоқда таппи, ўтин қилиб овқат пиширамиз.

Энди эса суюлтирилган газ 100 кундан бери келгани йўқ. Телефон қилсангиз, олишмайди. “Ана борамиз, мана борамиз” деяверишади, лекин келишмайди.

Заправкадан олиб келадиган бўлсак, 7 200 сўмдан қуйиб беради. 2 та баллон олиб борсам, 40 литр бўлади. 40 литрингизга 280 минг сўм бўладими? Оддий одамларга оғирлик қилади-да”, дейди Равшан Мадраҳимов.

Ёдингизда бўлса, икки ҳафта олдин Тошкент шаҳри яқинида, Қуёшли бозори тарафдаги пропан шохобчаси портлаб, уч киши жароҳат олган эди. Саноат хавфсизлиги қўмитасига кўра, шохобча фақат автомобилларга газ тўлдириш учун рухсатномага эга бўлгани ҳолда, маиший газбаллонларга ҳам пропан қуйиш билан шуғулланган ва бунинг учун қўлбола ўтказгичдан фойдаланилган. Бу эса хонадонларга пропан ўз вақтида етказиб берилмаётгани хавфсизлик билан боғлиқ жиддий муаммоларни юзага келтиришини ҳам англатади.