Жамият | 17:36 / 03.03.2021
5251
2 дақиқада ўқилади

«Вақф» фонди: Коронавирус сабаб вафот этган имом-ноибнинг оиласига уй ҳадя қилинди

Фото: vaqf.uz

«Вақф» хайрия жамоат фонди раҳбари Яҳё қори Абдураҳмонов 1-2 март кунлари Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, бир нечта хайрия тадбирларини ўтказди. Бу ҳақда фонд матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қўнғирот тумани «Ҳаким Сулаймон» жоме масжиди имом-ноиби сифатида фаолият юритган, пандемия даврида коронавирус сабаб вафот этган Маҳаммад-Али қори Мамутовнинг оила аъзолари – аёли ва уч нафар вояга етмаган гўдак фарзандларига Нукус шаҳридаги янги кўп қаватли уйлардан 3 хонали хонадон ҳомийларни жалб қилган ҳолда ҳадя қилинди.

«Аллоҳ таоло бизни оғир мусибат билан синади. Учта гўдак етимларим билан ижарада, нима қилишга ҳайрон бўлиб, маҳзунликда яшардим. Аммо Аллоҳдан такрор ва такрор ёлвориб сўрадим, умид қилдим. Шукрлар бўлсинки, ўзим кутмаган вақтда, «Вақф» фонди томонидан бугун бизга Нукус шаҳри марказидан тайёр, уй-рўзғор буюмлари ва мебеллари билан 3 хонали янги хонадон ҳадя қилинди.

Бунинг учун фонд раҳбар-ходимларига, хайрия қилган инсонларга раҳмат дейман. Иншааллоҳ, фарзандларимни ҳам ҳудди отаси каби динга, халққа, ватанга хизмат қиладиган инсон бўлиб улғайишига ҳаракат қиламан», – деди марҳум имом-ноибнинг аёли.

Фонд хабарида ушбу хайрли тадбирда хизмати ва саховати билан иштирок этган барча сахий инсонларга ташаккур билдирилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид