Фан-техника | 09:38 / 07.03.2021
17117
3 дақиқада ўқилади

Arrow – товушдан тез учувчи дунёдаги илк дрон

Сингапурнинг Kelley Aerospace авиация компанияси ўзининг Arrow жанговар дронини тақдим қилди ва 100дан ортиқ буюртмалар тушганини тасдиқлади.

Фантаст ёзувчилар башорат қилганидек пилотсиз жанговар дронлар борган сари тезкорроқ ва кучлироқ бўлиб бормоқда. Улар бир-бири билан жанг қилишга ўрганиб, эскироқ моделларни йўқ қиляпти. Бошқача айтганда, машҳур «Терминатор» фильмидаги тўқима Skynet тобора реаллашиб бормоқда.

2021 йилнинг бошида Сингапурнинг Kelley Aerospace авиация компанияси дунёдаги илк товушдан тез учар пилотсиз аппаратни намойиш қилди – Arrow дрони.

Кўпмақсадли жанговар пилотсиз Arrow 2,1 Мах тезлигига эришиши (2570 км/с) ва 16800 парвоз вазни билан 4810 километрни босиб ўтиши мумкин. Бир дона Arrow’нинг баҳоси комплектациясига қараб 9-16 миллион доллар орасида бўлади. Арзонроқ моделларга 100дан ортиқ буюртма олинди.

Прототипнинг илк кенг қамровли синовлари 2014 йилдаёқ ўтказилган. Бугунга келиб, Сингапурнинг Seletar аэрокосмик паркида Arrow’ни тўлақонли ишлаб чиқаришга ўтишга тайёргарлик кўришмоқда.

Бу аппарат эртага бошимиз узра учиб ўтади, деб қўрқишимиз керакми? Бунга ҳали эрта, завод йил охирида ишга тушиши кўзда тутилган, унгача икки прототип АҚШ ва Швецияда жанговар синовлардан ўтади.

Arrow енгил углерод толаларидан ясалган яхлит корпусдан лойиҳалаштирилгани унинг 2,1 Мах тезликка эришишига ёрдам беради ва шунинг билан бирга ўта мустаҳкамлик ва қаттиқликни таъминлайди.

Жанговар ва разведка парвозларни Arrow’нинг нафақат ўзи амалга ошириши, балки дронлар эскадрильяси таркибида ҳам қилиши мумкин. Зарурат туғилганда операторлар самолёт бортидан ёки ерусти назорат станцияларидан аппаратларни бошқарувга олишлари мумкин.

Илмий-техник тараққиёт давом этмоқда. Жанговар машиналар буюртмасидан етарлича маблағ ишлаб олган Kelley Aerospace енгил углерод корпуси асосида товушдан тез учар бизнес жетларни ишлаб чиқаришни кўзламоқда. Ундан ташқари, Сингапур компанияси фазовий аппаратлар бозорида ҳам муҳим ўйинчи бўлишни режалаштирмоқда.

Товушдан тез учиш пойгасида бир неча авиация компаниялари марра чизиғини биргаликда кесиб ўтиш арафасида ва бир неча йил ичида товушдан тез учар самолёт тақдим этишни ваъда қилмоқдалар. АҚШнинг Aerion компанияси эса, Флоридада йирик штаб-квартира қуришни бошлаб юборди ва AS2 товушдан тез учар йўловчи самолётини ишлаб чиқаришга тайёр.

Мавзуга оид