Ёзув ислоҳоти мустақил Ўзбекистон тарихидаги энг катта ва сезиларли ислоҳотлардан бири бўлиши мумкин.
Аммо мамлакатнинг 30 йиллик тарихида лотин ёзувига ўтиш бўйича қатор муваффақиятсиз уринишлар ҳам борки, улар бугунги ҳаракатлар ҳақида ҳам эҳтиёткорлик билан гапиришга мажбур қилади.
Kun.uz мухбири лотин ёзувига ўтиш бўйича аввалги муваффақиятсизликлар, ислоҳотга элтувчи режалар ва бу йўлдаги муаммолар борасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев билан интервью уюштирди.
Ўзбекистонда алифбо ислоҳоти йўлидаги аввалги уринишлар нега муваффақиятсизликка учради?
Интервью аввалида Департамент мудирига берилган дастлабки савол шу мазмунда бўлди. Абдуғаффор Қирғизбоевнинг айтишича, ислоҳотгача бўлган жараёнлардаги хатоликлар, ўзбек зиёлиларининг сусткашлиги ва юқори раҳбариятнинг бунга муносабати ислоҳотлар муваффақиятсизлигига асосий сабаблар эди.
«1991 йилда совет иттифоқи парчаланар экан, ундан мустақил бўлган давлатларда ўзликни топиш, қадриятларини тиклашга интилишлар бошланди. Ўзбекистон парламенти ҳам 1993 йилда кирилл ёзувидан воз кечиб, лотин ёзувига ўтиш бўйича қонунни қабул қилди.
Бу қонун бўйича 2000 йилда Ўзбекистонда кирилл ёзувидан воз кечиб, лотин ёзувига ўтилиши керак эди. Аммо ўша пайтдаги кечиккан тайёргарлик жараёнлари, иродасизлик ва бошқа сабабларга кўра, бу ислоҳот амалга ошмай қолди.
Кейинчалик бу муддат 2005 йилга чўзилди. Лекин бу муддат келди ҳамки, турли сабаблар туфайли яна лотин ёзувига ўта олмадик. Ижро муддати 2010 йилга қолдирилди. Бу кечикишларда ўша пайт зиёлиларининг сусткашликлари ва масъулиятсизлиги ҳам катта роль ўйнади, дейиш мумкин.
Ишларнинг кейинги давомини ҳам биласиз, 2010 йилда ҳам биз лотин ёзувига тўлиқ ўта олмадик», – деди у.

Абдуғаффор Қирғизбоевнинг таъкидлашича, 11 февралдаги «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш бўйича «йўл харитаси» ва унда белгиланган муддат ҳукуматнинг кўрсатган иродаси билан боғлиқ.
«1989 йилдан то 2020 йилгача битта – «Давлат тили тўғрисида»ги қонун билан ишладик. Лекин охирги бир йилда Ўзбекистондаги тил сиёсати билан боғлиқ 17та ҳуқуқий, меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.










