Орамизда эрта-ю кеч халқ хизматида тиним билмай меҳнат қилаётган инсонлар кўп. Улар умри давомида қўлидан келганича ўзгаларга меҳр-саховат кўрсатиш, дуо ва савоб илинжида бировнинг ҳожатини чиқаришга интилиб яшайди, ҳаётидан умуман нолимайди. Ҳалол ризқ ортидан рўзғор тебратиш баробарида, ён-атрофидагиларга бирдек нафи тегади... ва бу ишидан завқ олади.

Фарғона вилояти, Қува тумани, Чаман қишлоғидаги Фарғона – Қува йўли ёқасида жойлашган новвойхона нонидан кўплар татиб кўрган.

Ўтган кетган йўловчилар, бутун маҳалла аҳли айнан шу нондан сотиб олишга одатланган. Чунки новвойхона нони бошқа жойларникига ўхшамайди. Жуда мазали. Энг асосийси, бу ерда ёпилган нонларни бепул олиб кетишингиз мумкин. Новвойхона фаолиятини эҳсон қилишга қаратган.

Новвойхонада 15 ёшидан буён мана шу касб билан машғул бўлган Исмоил новвой ишлайди. Уни Чаман қишлоғи аҳли ёш-у қари бирдек яхши танийди.

Исмоил новвой ҳар куни уйидан новвойхонагача 2 километр масофани велосипедда босиб ўтади. Тонг саҳар 3да уйғониб келиб тандирга ўт қалайди. Шогирдлари тайёрлаб қўйган хамирдан нон ёпишга киришади. Унинг деярли бир кунлик вақти айнан новвойхонада ўтади. У бир кунда 16 соат ишлаб, кеч соат 19да велосипедига ўтириб уйига равона бўлади.

Исмоил ака шу соҳада ишлаётганига бу йил 25 йил бўлди. У ҳаётидан асло нолимайди. Иши унга доим завқ бағишлаб келган. Одамларга иссиқ ва мазали нон улашишдан ўзгача ҳузурланади.

Айни кунларда унинг новвойхонасида бир кунда 6 қопдан 9 қопгача ундан нон ёпиляпти. Ёзда эса иш бундан ҳам кўпаяди. Энг асосийси, ёпилган нонлар эҳсон қилиб турилади. Новвойхона атрофига «Пулингиз бўлмаса хижолат бўлманг, сизга нон бепул», — деган ёзув илинган. Айримлар новвойхонадан бепул нон олиб кетади.