Қува туманида яшовчи Эсонжон ота Ҳошимов хонадонига киви кўчати эккан эди. Орадан 5 йил ўтиб эккан дарахти мевага кирди. Томорқа кўзни қувнатадиган кивизорга айланган. Боғбон ота невараси билан киви уруғидан кўчат етиштиришни ҳам йўлга қўйди, қўни-қўшниларига ҳам мева, ҳам кўчатларидан бериб уларнинг дуосини оляпти.

Бу қандай дарахт?

“2014 йилда Самарқандда ҳали бирор жойда учратмаган кўчат кўриб қолдим. Оғайнимдан yнинг қанақа дарахтлигини сўрасам, кулимсираб киви эканлигини айтди. Қизиқиб қолиб уруғидан олиб келдим ва ўзим уч дона кўчат чиқардим.

Эсонжон ота Ҳошимов

Уруғидан унган кўчатларим 2019 йилда 12 дона мева қилди. Мана ҳозир кўчатларнинг ҳаммаси мевага кирган. Энди ҳар йили кўчатини ҳам етиштиряпман. Кўчатини ҳам, мевасини ҳам бозорга олиб чиқмайман, харидорлар ўзлари уйимга келиб олиб кетишади. Торморқада ҳозир мевага кирган 15 туп киви дарахти, 1500 туп кўчат бор. Қўни-қўшни, қариндош-уруғларга кўчати, мевасидан эҳсон қилиб дуоларини оляпман. Болалари маза қилиб есин, деб девор қўшнимгаям мева шохидан ўтказиб юборганман.

Хонадонимда кивининг “Хейворд” нави. Энди “Голд” деган навини ҳам кўпайтирмоқчиман. “Голд” мевасининг ичи қизил рангда бўлар экан. “Хейворд”ники эса кўк рангда бўлади.

Қуёшли юрт кивиси...

Мевалар йилдан йилга қўшиб боряпти. Киви сувни жуда яхши кўрадиган ўсимлик экан. Меванинг ватани Янги Зеландия дейишганди. Меҳнатим зое кетмади. Ҳаракат қилиб ҳосил қилдирдим энди. Шунга хурсандман. Болаларга, невараларга боғбончиликни ўргатяпман. Киви тагига биогомус соламан холос. Ҳеч қанақа заҳар, кимёвий воситалар ишлатмайман. Табиий тоза маҳсулот чиқараверайлик...

Ўтган йили 25 та яшикда мева териб олдим. Кўчатларни ботаника боғининг агрономи айтгани бўйича уруғидан кўпайтираман. Экишда ҳам эркаги, ҳам урғочи кўчат экилишига эътибор бериш керак. Айни пайтда хонадонимда 15 туп мевага кирган киви кўчати бор. Улар орасига чанглатгани бир туп эркак киви кўчати экканман.

Харидорларим кўчатини куздан экишни бошлашади, об-ҳавога қараб, фақат ер музлаганда экилмайди холос. Қолган пайтда ноябр декабр, ер музламаса январ ойида ҳам экса бўлади. Апрел ойининг 15-20-санасигача кўчатлар сотилиб кетади. Ўтган йилда киви кўчатларини ҳолатига қараб 50 минг сўмдан 300 минг сўмгача сотдим.

Ўзимизнинг кивилар Хитой кивиларидан анча мазали, таъми хушхўр. Қуёшли юрт кивисининг мазаси барибир бошқача”, — дейди боғбон ота.