Чемпионлар лигаси. 1/8 финал. Жавоб ўйини
«Ювентус» (Италия) — «Порту» (Португалия) — 3:2, қ.в. (0:1, 2:0, 1:1)
Голлар: Сержиу Оливейра, 19 — пенальти (0:1). Кьеза, 49 (1:1). Кьеза, 63 (2:1). Сержиу Оливейра, 115 (2:2). Рабьо, 117 (3:2).
«Ювентус»: Шченсни, Бонуччи (де Лигт, 75), Алекс Сандру, Мерих Демирал, Рэмси (Маккенни, 75), Рабьо, Артур (Бернардески, 102), Криштиану Роналду, Куадрадо, Мората, Кьеза (Кулушевски, 102).
«Порту»: Марчесин, Пепе, Мбемба, Манафа, Сануси (Диас, 71), Сержиу Оливейра (Диогу Лейте, 118), Отавиу (Сарр, 61), Урибе (Груич, 90), Корона (Лум, 118), Марега (Мартинес, 106), Торимий.
Огоҳлантиришлар: Отавиу, 45+2. Торимий, 52. Кьеза, 90+3. Куадрадо, 92. Сержиу Оливейра, 97. Бернардески, 103. Рабьо, 114. Мбемба, 120+2.
Четлатиш: Торимий, 54.
Судья: Кайперс (Нидерландия).
9 март. Турин. «Алльянц» стадиони.
Биринчи ўйин — 1:2.
Қарийб уч йил муқаддам, 2018 йил ёзида «Ювентус» Криштиану Роналдуни «Реала»дан 117 млн евро эвазига сотиб олганди, туринликлар португалиялик мерган ёрдамида Чемпионлар лигасида ғолиб бўлишни мақсад қилишганди. 2015 ва 2017 йиллардаги финаллардаги омадсизликлардан кейин жамоа раҳбарияти клубга муҳим ўйинларни ҳал қилувчи фигура етишмаяпти, деган қарорга келганди. Аммо, қанчалик ғалати кўринмасин, Роналду келганидан кейин «Ювентус» янада кучсизланиб, жамоанинг натижалари йилдан йилга пасайиб бормоқда. Жамоа 2018/2019 йилги мавсумда чорак финалда сенсацион равишда «Аякс»га ютқазиб турнирни тарк этди, 2019/2020 йилги мавсумда – Европа миқёсидаги бошқа бир ўртамиёна жамоа «Лиона» клубни 1/8 финалдаёқ турнирдан чиқариб юборди, бу мавсумда ҳам нимчорак финалда – яна кучли бешликдаги лигалар вакили бўлмаган «Порту»га шармандаларча мағлуб бўлинди.
«Ювентус» бош мураббийи Андреа Пирло жавоб ўйини учун ғалати схема танлади. Бу сафар туринликлар тўпга эгалик қилган ҳолда уч нафар марказий ҳимоячи билан ўйнашмади. Ўнг қанот тўлиқ Хуану Куадрадога берилди, чап қанотда Алекс Сандро ва Федерико Кьеза алмашиб ҳаракатланишди. Чап қанотдагилар кўпроқ марказга яқин ўйнашди. Аммо Куадрадонинг саъй-ҳаракатлари билан «Кекса синьора» танаффусгача икки марта «юз фоизлик» вазият яратди: аммо «Порту»нинг аргентиналик посбони Агустин Маркесин Альваро Моратанинг қийин зарбаларини бартараф эта олди.
Умуман олганда, «Ювентус» бу сафар ҳам яхши ўйин ғоясига эга бўлмаган жамоадек кўринди. «Порту» ҳимоячилари ортига кўплаб узатмалар берилди, аммо меҳмонлар барча уринишларни осон бартараф этишди. Фақатгина Роналдунинг ва бошқа ҳужум етакчиларининг индивидуал ҳаракатларига ҳамда стандарт вазиятларга умид қилиш мумкин эди. Туринликлар тўпни йўқотгач, уни қайтариб олиш учун етарлича тажовузкорлик кўрсатишмади, еврокубок ўйинларида эса сифатли прессингсиз ғолиб бўлиш қийин. «Аждарлар» хавфли қарши ҳужумлар уюштиришди. Эронлик форвард Маҳди Торимий дастлаб тўсинни кўзлади, кейин Мерих Демирал билан тўп учун кураш вақтида йиқилиб, пенальти ишлади. Войцех Шченсни тўп йўналишини топа олмади, Сержиу Оливейра ҳисобни очди. Португаллар биринчи бўлимда рақибдан ҳар томонлама устун эди – 9:7 (аниқ зарбалар бўйича – 4:4). Роналду фақат бир марта зарба бера олди (ноаниқ), у Портудаги ўйинда 90 дақиқа давомида ҳам фақат бир бор зарба йўллаганди.



















