Қурилиш вазирлиги томонидан Навоий вилоятида олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланган ноқонуний қурилишлардан бирини олиб бораётган компания – «ZARAFSHON GOLDEN GROUP» МЧЖ таъсисчиларидан бири Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси аъзоси Улуғбек Файзиев экани маълум қилинди.

Davletovuz’нинг аниқлашича, Улуғбек Файзиев ушбу компаниянинг 91,5 фоизлик улушига эгалик қилади.
Қурилиш вазирлиги эълон қилган маълумотга кўра, «ZARAFSHON GOLDEN GROUP» МЧЖ томонидан Зарафшон шаҳри 13-кичик туманида шаҳарсозликка рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштирилмаган ҳамда ҳудудий инспекцияни хабардор этмаган ҳолда кўп қаватли турар жой объектида қурилиш-монтаж ишлари бошлангани аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан ўтказилган текширув натижасига кўра, жамият мансабдор шахсига нисбатан маъмурий жавобгарлик қўллаш бўйича ҳужжатлар расмийлаштирилиб, судга тақдим этилган.

Маълумот учун, «ZARAFSHON GOLDEN GROUP» МЧЖ таъсисчилигидаги «ZARAFSHON BUILDING» МЧЖ томонидан ҳам Тошкент шаҳрининг Яккасарой тумани, Бобур кўчасида ноқонуний қурилиш олиб борилгани аниқланган эди.
Шунингдек, 2020 йил 6 август куни «ZARAFSHON GOLDEN GROUP» МЧЖ Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида 650 ўринли карантин зонасини қуриш бўйича Навоий вилояти ҳокимлиги «Ягона буюртмачи хизмати» ИК билан жами 8 млрд 226 млн сўмлик давлат хариди бўйича шартнома тузган.
UPD: «Zarafshan Golden Group» компанияси Қурилиш вазирлиги сайтида эълон қилинган юқоридаги ҳолат бўйича ўз муносабатини билдирди.
Маълум қилинишича, Зарафшон шаҳар ҳокимининг 2020 йил 28 июлдаги Қ-214-сонли қарори билан «Zarafshan Golden Group» МЧЖга Зарафшон шаҳар 13-кичик туман ҳудудидан, шаҳарнинг бош режасига асосан “Кўп қаватли турар-жой биноси қуриш учун” 0,525 га ер майдони ажратиб берилган.















