Ўзбекистонда ҳам ўсма касалликларини даволаш нафақат соғлиқни сақлаш тизимининг, балки бутун жамиятнинг доимий эътиборини талаб қиладиган соҳа эканлиги маълум. Бундай касалликларга чалинган беморлар, айниқса болалар ҳар бир шифокорга, ҳамма даволаш услубларига нажот сифатида қарашади.

Соҳа узлуксиз танқидларга учраши, беморлардан шикоятлар мунтазам тушиб туришига ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бунинг объектив сабаблари бор. Маълум бўлишича, 20-30 йил давомида тиббиётнинг ана шундай мураккаб соҳаси ўз ҳолига ташлаб қўйилган, қолдиқ принцип асосида молиялаштирилган, доимий етишмовчиликлар кузатилган ва кўплаб мутахассислар хорижга кетишга мажбур бўлганлар.

Хўш, бугунги кунда вазиятда ўнгланиш борми? Охирги йиллардаги қарорлар соҳага қандай янгилик ва беморларга қанақа енгилликлар олиб кирди? Асосийси – Ўзбекистон онкологиясининг бугуни ва келажаги қандай?

Мана шу саволларга жавоб олиш учун Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига бордик ва вазиятни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Онкология шифохоналари дейилганда одатда киришданоқ навбатлар, кўримсиз хоналар, у ердаги тушкун беморлар ва иложсиз шифокорлар кўз ўнгимизда намоён бўлади. Лекин бу сафар суратга олиш жараёнларида ҳаммаси яхши томонга ўзгара бошлаганига бевосита гувоҳ бўлдик.

Бинолар капитал таъмирланган, кириш ва чиқиш осонлашган, узоқ вақт навбатда туриш муаммоси имкон қадар бартараф этилиб, худди банклардагидек сингари электрон тартибга олинган, кутаётганларга қулай шароитлар яратилган.

Энг муҳими – кенг, ёруғ йўлаклар ва палаталарда зарур шароитлар яратилган. Беморларга дори-дармон, уларга мос егуликлар берилмоқда.