«Сенинг ҳам навбатинг келди, доктор»

2011 йил март ойида араб мамлакатларидаги воқеалар таъсири остида ўрта мактаб ўқувчилари томонидан Дера шаҳрида чизилган ушбу графит-ёзув асл касби кўз шифокори бўлгани боис «Доктор» лақабини олган Башар Асаднинг эмас, деярли 50 йилдан буён давом этиб келаётган кучли марказий тизимнинг қулашига олиб келди.

Ўқувчилар ҳибсга олиниб, уларнинг оилаларига куч ва зўравонлик ишлатилиши ортидан 2011 йил 15 март куни жума намозидан сўнг Дамашқ ва Дера шаҳрида намойишлар бўлиб ўтади.

Президент Асад намойишга қаттиқ жавоб қайтаради, оқибатда ўнлаб тинч аҳоли вакиллари вафот этади. Намойишларнинг бутун мамлакат бўйлаб тарқалиши натижасида 10 йилдан бери давом этиб келаётган фуқаролар уруши бошланиб кетади.

Бугун ушбу мамлакатда яшайдиган ҳудуди бомбардимон қилинмаган, яқинини йўқотмаган, ўз оиласидан айро тушмаган бирор сурияликни топиш имконсиз. 2011 йилда 22 миллион аҳолиси бўлган мазкур давлатда 10 йил ичида қарийб 600 минг киши ҳалок бўлди.

6,5 миллиондан ортиқ суриялик мамлакат ичида ўз уйидан кўчишга мажбур бўлган. Уларнинг аксарияти чодирларда ёки антисанитария шароитида яшаб келмоқда. 5,6 миллиондан ортиқ қочқин эса Сурияни тарк этган. Уларнинг 3,6 миллион нафари Туркияда яшамоқда.

Фуқаролар уруши бошланганда аксарияти қамоқда бўлган «Ал-Қоида» аъзолари бугун ИШИД, «Ҳайят Таҳрир аш-Шом» ёки турли мухолиф гуруҳлар билан ҳудудларни назорат қилувчи ташкилотларнинг таркибида.

Уруш бошланганда уюшган қуролли кучга эга бўлмаган Демократик иттифоқ партияси (PDY – Democratic Union Party. 2003 йилда курдлар томонидан Сурия шимолида ташкил этилган сиёсий партия – таҳр.) – бугунги кунда АҚШ ва Россия томонидан қўллаб-қувватланувчи, Ғарб мамлакатлари пойтахтида ўз ваколатхонасига эга бўлган, мамлакатнинг тўртдан бир қисмидан кўпроғини бошқараётган кучдир.

Мамлакат амалда учга бўлинган. Шимоли-ғарбий минтақада – Идлиб-Африн-Караблус йўналишини назорат қилувчи мухолифлар ҳудудида назорат пунктлари мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари «Ҳайят Таҳрир аш-Шом»нинг қўл остида.

Демократик иттифоқ партияси (PDY)нинг асосини ташкил этган Сурия Демократик кучлари (SDF – Syrian Democratic Forces) назорати остидаги минтақада Дамашқ ҳукумати билан аҳён-аҳён ҳамкорлик қилиб келинмоқда. Қамишли ва Дамашқ ўртасида самолёт қатновлари йўлга қўйилган.