Хуршид Марозиқов «Осмондаги болалар» лойиҳасига берган интервьюсида бизнесда альтруизм қандай ишлаши, ўқишга кира олмаслик фожиа эмаслиги, ижтимоий тармоқлардан меъёрида фойдаланиш ва «микроволновка бизнес» билан шуғулланиш тўғрими каби саволларга жавоб берди.

Қўқондаги «Гиргиттон» нега Тошкент бозорига кириб келмаган?

— Тасаввур қилинг, Абдужаббор Тошкентда яшаяпти, тахминан 5000 сўм солиқ тўлаяпти. Унинг адаши бор Қўқонда, у ҳам 5000 сўм солиқ тўлаяпти. Лекин Тошкентдаги Абдужаббор «Бон» кафеда ёки бўлмаса чиройли шароитларда ўтириб, телефон орқали буюртма беряпти. Қўқондаги Абдужабборнинг уйида эса чироқ йўқ. Айнан шунинг учун шу каби қулайликларни Қўқонга олиб келиш учун ҳам фаолиятимиз Тошкентда эмас.

Нега имконияти Тошкентга етмайдиган одамлар шу нарсаларни вилоятларда ҳис қилмаслиги керак? Аслида маблағ тарафдан ҳам, ғоя томондан ҳам, умуман ҳатто кадр тарафдан ҳам Тошкентда иш бошлашга бемалол кучимиз етади. Йўқ, телефонда хато босса ҳам, шу кнопкани боссин, уйига овқат етиб келсин Қўқонда ҳам, аслида бизнинг ғоя шу!

Оддийгина «Гиргиттон»га алоқадор одамлар 60 кишига етди, яъни Қўқонда 60 нафар одам «Гиргиттон» орқали оиласини тебратяпти.

«Хусусий мактаб очишга биттагина нарса ундаган»

— Таълимда рақобатчингиз кучайса ҳам хурсанд бўлишингиз керак, инсон сифатида. Чунки атрофингизда таълим кучайяпти-да! Биз ўқув марказ очган пайтимизда ўқитувчининг қадри ўқувчисининг 36 талик тестдан қанча балл топгани билан ўлчанар эди. Шартли «А» исмли ўқитувчи қандай ўқитади деган савол берилса, ҳа, у киши яхши ўқитади, чунки 24 та ўқувчисидан 22 таси ўқишга кирди деб жавоб берилар эди. Ўқувчи, талабаларнинг ўзлари билан гаплашайлик-чи десангиз, у томони «қора» бозорга кириб кетасиз.

Ўқитувчи ўз обрўсини сақлаш учун «Х-вариант» каби турли хил йўлларда телефонда ўқувчиларига «туриб бериши» керак бўлар эди. Чунки шаҳарда обрўсини сақлаши керак, уни тўғри тушуниш керак, бу унинг ҳаёти, бизнеси. Шу форматни ўзгартиришни хоҳладик.

У пайтларда 4 та кўникма бўйича дарс берадиган ўқув марказлари Тошкентда саноқли эди. Ўртача ўқув марказларда нарх 30 минг атрофида эди, биз эса 90 минг қилиб очдик, бозордан 3 баробар қиммат эди. Бунда «Одатийдан юқори шароитлар ва биз абитуриент тайёрламаймиз, жаҳон стандарти бўлган 4 та кўникмани ўргатамиз», дедик.