Ўзбекистон | 00:30 / 22.03.2021
10326
1 дақиқада ўқилади

Бухорода ҳам жамоат транспортида ниқобсиз юриш тақиқланди

Бухоро вилояти транспорт бошқармаси жамоат транспортлари ва йўналишсиз таксиларда ниқобсиз ҳаракатланиш ман этилиши, тартибга риоя қилмаганларга нисбатан қатъий чоралар қўлланилишини маълум қилди.

Бошқарма фуқароларни жамоат транспортлари ва йўналишсиз таксилар хизматларидан фойдаланганда Республика махсус комиссияси томонидан белгиланган карантин қоидаларига қатъий риоя этишга, ниқоб тақиш ҳамда жамоат транспортлари салонида ижтимоий масофани сақлашга чақирган.

«Тажрибадан келиб чиққан ҳолда фақатгина ижтимоий масофага ва мажбурий ниқоб тақиш режимига қатъий риоя қилиниши касалланиш тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради. Инфекция тарқалишига қарши биргаликда курашиш, унга қарши мустаҳкам туриш мақсадида фуқароларни юқорида айтиб ўтилган талабларга сўзсиз ва қатъий амал қилишга чақирамиз», дейилади хабарда.

Шунингдек, жойларда ҳайдовчилар билан карантин қоидаларига риоя этиш, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, тиббий ниқобсиз йўловчиларни ташимаслик масалаларида кўрсатма ва тушунтиришлар берилгани қайд этилган.

Аввалроқ Қашқадарёда жамоат транспортида ниқобсиз юриш тақиқлангани хабар қилинганди. Тошкентда ҳам жамоат транспортида карантин талабларига риоя қилиш кучайтирилган.

Мавзуга оид