Ўзбекистонликлар сўнгги ҳафтани яна коронавирусдан хавотирда ўтказди. Худди ўтган йилгидек, март ойининг ўртасида коронавирус балоси яна бош кўтаргани кўпчиликни ўйлантириб қўйди.
Хўш, қатъий карантин қайта йўлга қўйилиш эҳтимоли қай даражада? Агар карантин қайтарилса, олдинги усуллар қўлланиладими? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш учун Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков билан суҳбатлашдик.
– Нурмат Сатиниязович, бугун кўпчиликни қийнаётган савол – қатъий карантинга қайтиладими? Агар қайтилса, ундаги чоралар ўтган йилдагидек бўладими?
– Бугунги кунда карантин қоидаларини ўтган йилгидек қатъий ва кескин даражада қайта тиклашга бирор асос йўқ. Сабаби, касалланиш кўрсаткичлари сўнгги 3 ой ичида паст даражаларда бўлиб келди, ҳозир бирмунча юқори бўлса ҳам, бу карантин чекловларини кучайтиришга асос бўладиган даражада эмас. Негаки касалланиш асосан Тошкент ҳудудида кўпроқ қайд этиляпти.
Касалланганлар орасида болалар улуши ортяпти. Ўтган йили коронавирус пандемияси даврида умумий касалланишлар орасида болалар улуши 5-7 фоиз бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 25 фоиздан ортиб кетди.
Шунинг учун ҳам Тошкент шаҳрининг айрим туманларидаги мактаблар таълими онлайн тартибига ўтказилди. Ҳозир таътил давом этяпти ва уларнинг якунига қадар биз касалликнинг тарқалиш занжирини узишга муваффақ бўлишни режалаштиряпмиз. Мабодо вазият ижобий томонга ўзгармаса, таътиллар муддатини узайтириш масаласини ўйлаб кўрамиз.
Бир нарсага аниқлик киритиб олишимиз керак – карантин ҳали бекор қилингани йўқ, энг муҳим ва бирламчи ҳимоя усуллари ҳамон амалда. Шунчаки, биз ўзимизни жуда бўш қўйиб юбордик, коронавирус ҳамон ёнимизда эканини унутдик, ўзимизни гўё касалликдан қутулгандек тута бошладик. Бу эса натижасини бермай қолмади – касалликка чалиниш ҳоллари кўпая бошлади.
Ана шундай пайтда Махсус комиссия қарорига биноан эпидемик вазият мураккаблаша бошлаган Тошкент шаҳрида карантин чоралари яна бир бор эслатиб қўйилди. Бу эслатмаларни ўтган йилгидек қатъий карантинга қайтиш деб баҳолаш ноўрин.
Энди ўтган йил билан бошқа жиҳатларни солиштирадиган бўлсак, 2020 йилда коронавирус нафақат бизга, балки бутун инсониятга номаълум касаллик эди, уни самарали даволаш, чеклаш ва ҳимояланиш усуллари тўла ўрганилмаган эди. Бу йилга келиб ҳам тиббиёт тизими, ҳам аҳоли коронавирус хавфини яхши тушуниб олди ва ундан ҳимояланиш чораларини ҳам яхши билади.
















