Коронавирус пандемияси сабабли бутун дунё бўйлаб одамларнинг уйларига «қамалиши» туғилишлар сонининг ортишига олиб келади, деган тахминлар ўзини оқламади. Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, АҚШда туғилиш кўрсаткичи ўсишни эмас, балки асрнинг энг катта пасайишини қайд этди. Европанинг баъзи қисмларида эса бу кўрсаткич янада кўпроқ пасаймоқда.

Германиялик Фредерик пандемия бошида ота-онасининг уйига кекса қариндошига ғамхўрлик қилиш учун кўчиб келган ва буни ўз оиласи билан бирга вақт ўтказиш учун ажойиб имконият, деб ўйлаганди.

Аммо бир неча ойдан сўнг 33 ёшли Фредерик чуқур йўқотиш ҳиссини туя бошлайди. У турмуш қурмаган, пандемия эса уни оила қуриши мумкин бўлган одам билан учрашиш имкониятидан маҳрум қилаётганди.

«Вақт мен учун чиндан ҳам ғоят қадрли, аммо ҳаётим тўхтатиб қўйилганга ўхшайди», деб изоҳлайди бу туйғуни у.

Шунингдек, у ким биландир онлайн тарзда танишишга уриниб кўрган, аммо қишнинг совуқ кўчалари романтик муносабатларни ўрнатиш учун жуда ноқулайлик туғдирган.

«Бу иш (пандемия – таҳр.) тугаганда мен фарзанд кўриш учун энг маъқул ёшимни йўқотган бўламан. Фарзанд кўришим мумкин бўлган ёшларимни уйга қамалган ҳолда ўтказяпман», деган хаёл у тушкунликка тушган лаҳзаларда миясида тинимсиз чарх урадиган бўлиб қолган.

Тадқиқотчилар прогнози

Демографларнинг нуқтайи назарига кўра, ушбу даврда туғилиш коэффициенти пасайиши ажабланарли ҳолат эмас.

«Эпидемиянинг қанчалик таъсирга эка эканини кўргач, натижадан ҳайрон бўлмадим. Аммо шунга қарамай, шунга ўхшаш ҳолатларга гувоҳ бўлиш инсонда шок таъсирини яратади», дейди АҚШнинг Мэриленд университети социология профессори Филипп Н Коэн.

Ўтган йилнинг июнида АҚШдаги Брукингс институти иқтисодчилари эпидемия даврида мамлакатда 300 минг нафар камроқ чақалоқ туғилишини тахмин қилишган эди.

Айни даврда Европада одамларнинг фарзанд кўриш режаларини ўрганган тадқиқот натижаларига кўра, Германияда ва Францияда 2020 йилда фарзанд кўришни режалаштирганларнинг 50 фоизи туғилишни кейинга қолдиришга қарор қилган. Италияда эса фарзанд кўришни режалаштирганларнинг 37 фоизи бундан бутунлай воз кечган.

АҚШ Эпидемияни назорат қилиш ва олдини олиш маркази (CDC) томонидан тайёрланган ҳисоботда таъкидланишича, ўтган йилнинг декабрида туғилиш коэффициенти 8 фоизга камайган.