Обид Турсунов ҳозирда Хитой, Польша университетларида, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида, шунингдек, Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институтида етакчи илмий ходим ва профессор сифатида фаолият юритиб келмоқда.

Қаерда замонавий илмий-техник база бўлса, шу ерда жаҳон тан оладиган янги натижалар яратилади

Илмнинг ривожланиши илмий-техник базага қаттиқ боғланган, негаки қаерда замонавий илмий-техник база бўлса, шу жойда жаҳон тан оладиган даражада янги натижалар олиш мумкин. Эски аппаратлар билан олинганлари ўтмайди, масалан, халқаро журналда унинг натижалари қабул қилинмайди.

Буни эски ва янги телевизорга ўхшатса бўлади, эслаб кўринг, камида 20–25 йил аввал оқ-қора, бурагичлари синиб, омбур билан бураладиган, антеннаси орқасидан чиқиб кетадиган жуда оғир телевизорларни кўрар эдик. Ҳозир-чи, бутунлай бошқача. Агар ўша соҳада илм ривожланмаганда эски ҳолатича қолиб кетган бўларди.

Илм шунақа ҳодисаки, ҳар ой, йил сайин такомиллашиб боради. Олим мен даража олдим, етукликка эришиб бўлдим дедими, демак, у ўша жойда қотади, эски база билан қолиб кетади.

Илм ривожланиши кўп жиҳатдан молиявий томонга ҳам боғлиқ. Масалан, кўп ватандошлар Ўзбекистонга илм ривожига ҳисса қўшиш учун келди, лекин бу ердаги шароитга мослаша олмай қайтиб кетди. Бу Ўзбекистон учун ачинарли ҳолат. Уларни ҳам тушунса бўлади, чунки ҳеч ким фақат шунчаки яшасам бўлди деб яшамайди-ку, ўзига яраша орзу-мақсадлари, ниятлари бўлади. Бунга эришиш учун эса унга шароит керак, маблағ ҳам ўша айтилган шароитнинг бир қисми десак хато бўлмайди.

Тасаввур қилинг, қайсидир чет давлатда илм қилишга мос қулай шароит, замонавий жиҳозлар, соғлом илмий муҳит бўлса-ю, уни эски жиҳозлар, паст маошли бошқа бир жойга қандайдир ғоялар асосида ишонтириб олиб бориш мумкинми? Йўқ, албатта.

Биз илмни ривожлантиришни хоҳлаяпмизми, илмий техник базани ҳар бир йўналиш бўйича янгилашимиз мақсадга мувофиқ.

Олим учун ҳамма эшик очиқ бўлиши керак

Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ҳам илм-фанга муносабат яхшиланяпти, шароитлар яхши томонга ўзгаряпти. Бир неча хорижий мамлакатлар билан доимий алоқа қилиб тураман ва у жойлардаги илмий жараёнларга Ўзбекистоннинг номини қўшиб келаман. Яъни, олим битта жой билан чегараланиб қолмаслиги керак.