Спорт | 13:15 / 27.03.2021
16060
3 дақиқада ўқилади

20 минг мухлис ва футболчилар иштирокидаги исландча қарсак. Намангандаги тарихий ўйиндан фотогалерея 

Ўзбекистон ва Гана ўртасидаги ўртоқлик учрашуви Наманган футболи тарихидан жой олди. Ушбу шаҳар ўз тарихида илк марта миллий жамоа ўйинига мезбонлик қилди. Бунгача фақат учта шаҳар - Тошкент, Самарқанд ва Қарши бош жамоамиз ўйинини қабул қилган эди.

Фото: Tribuna.uz

Намангандаги баҳс нафақат Африка қитъаси вакили устидан қозонилган ғалаба билан балки ўйин давомида мухлислар яратган ажойиб футбол атмосфераси билан ҳам ёдда қоладиган бўлди.

Ушбу баҳс олдидан Намангандаги 22 минг томошабин сиғадиган ўйингоҳда аншлаг кузатилишини тахмин қилиш қийин эмасди. Ҳар ҳолда «Навбаҳор»нинг ўйинлари билан ҳам мухлислар лиқ тўладиган аренага миллий жамоа ўйини куни водийнинг турли шаҳар ва қишлоқларидан томошабинлар етиб келиши аниқ эди. Мухлислар учун Гананинг номдор бўлмаган иккинчи жамоасидан кўра, анча вақтдан буён миллий жамоа йиғинига келмаган Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов, Отабек Шукуров, Сардор Рашидов сингари ўзбек футболи юлдузларининг ўйинини стадионнинг ўзидан кузатиб бориш қизиқроқ эди.

Байрамона муҳит ва кайфиятда бошланган учрашувга монанд тарзда Отабек Шукуров ажойиб зарбаси билан стадионни яна бир марта жунбушга келтирган бўлса, ҳисоб тенглашгач нисбатан тинган ўйингоҳ Машариповнинг голидан кейин иккинчи марта ларзага келди – 2:1.

Ғалабали ўйинга муносиб ўзаро миннатдорчилик томошабинлар ва футболчилар ўртасида кузатилди. Исландча қарсакни исландияликлардан ҳам яхшироқ ўзлаштирган наманганлик мухлислар Ўзбекистон миллий жамоаси ва Ганадан келган жамоа билан ўйингоҳдаги қарийб 20 минг нафар мухлис иштирокида машҳур қарсакни маромига етказишди. Ҳозирги пандемия шароитида Намангандаги байрамона муҳит ҳаттоки Европадаги мухлисларда ҳам ҳавас уйғотиши аниқ...

Қуйида Tribuna.uz сайти фотомухбирининг Намангандаги ўйиндан муҳрлаган эксклюзив фотогалереясини томоша қилинг.

Ўртоқлик учрашуви. 26 март (жума)
Ўзбекистон – Гана Б – 2:1
Голлар: Отабек Шукуров 4, Жалолиддин Машарипов 76 - Иссаҳаку Абдул Фатаву 72.
Ўзбекистон: Жавоҳир Илёсов, Анзур Исмоилов, Азимжон Аҳмедов, Иброҳимхалил Йўлдошев, Фаррух Сайфиев (Мурод Холмуҳаммедов, 82), Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков, Остон Ўрунов (Жавоҳир Сиддиқов, 69), Сардор Рашидов (Ойбек Бозоров, 59), Жалолиддин Машарипов (Ҳожимат Эркинов, 86), Элдор Шомуродов (Игорь Сергеев, 84)
Гана Б: Ж.Аддо, Йиадом Конадоу, Кристофер Нетей, Муҳаммад Ал Ҳассан, Диавусие Тэйлор (Даниэль, 64), Моро Салифу, Мичель Отоу (Персиус Боа, 82), Иссаҳаку Абдул Фатаву, Рашид Нортей (А.Боатенг, 65), Самуэль Куайе, Кваме (Максвел Куайе, 87).

Суратлар муаллифи - Боймирза Халилов

Мавзуга оид