Жамият | 13:44 / 27.03.2021
23335
1 дақиқада ўқилади

Гулистонда метан «заправка»да турган «Дамас»нинг газ баллони портлаб кетди

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

Бугун эрталаб Гулистон шаҳрида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчасида турган «Дамас» автомашинасининг газ баллони портлаб кетган. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ хабар бермоқда.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 27 март куни соат 08:30лар атрофида, Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳар, «Боғишамол» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган автомобилларга газ қуйиш шохобчасида тўхтаб турган, фуқаро Н.Қ.га тегишли бўлган «Дамас» автомашинасининг газ баллони портлаб кетган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса натижасида ҳеч ким тан жароҳати олмаган. «Дамас»га эса жиддий зарар етган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Гулистон шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ ва Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда ҳамда портлаш сабабларига ойдинлик киритилмоқда.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид