Kun.uz президентликка номзоди кўрсатилиши мумкин бўлган сиёсатчилар билан интервьюлар ташкил этишга қарор қилди. Дастлабки суҳбатдошимиз – «Адолат» СДП сиёсий кенгаши раиси, тарих фанлари доктори Баҳром Абдуҳалимов.

Дунё ва ҳатто ўзбек медиаси учун ҳам янги юз бўлган Баҳром Абдуҳалимов суҳбат давомида ўзининг сиёсатга кириб келиши, президентликка номзод бўлиши эҳтимоли, Шавкат Мирзиёевнинг алифбо масаласида унга берган саволи ва янги партиялар борасидаги саволларга жавоб берди.

— «Адолат» социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раислигига сайланганингизга ҳали кўп вақт бўлмади. Тўғриси, шу тайинловга қадар сизни кўпчилик танимасди. Сиз кўпроқ илмий давраларда танилган инсонсиз. Хўш, олим сиёсатга қандай кириб келди?

— Мен ростан ҳам кўпроқ илм соҳаси вакилиман. Фанлар академияси тизимида 30 йилдан ортиқ вақт давомида ишлаб келяпман. Орада бошқа соҳаларга ҳам ўтиб ишладим. Жумладан, Тошкентдаги Вестминстер университетида проректор вазифасида ишладим.

Бундан ташқари, Фанлар академияси ҳузуридаги Шарқшунослик институтида аспирант даражасидан директорликкача кўтарилдим. Шунингдек, [2011 йилдан буён] Фанлар академиясининг гуманитар фанлар бўйича вице-президенти сифатида гуманитар йўналишдаги илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш билан шуғулланаман.

Лекин албатта, илм бошқа нарса, сиёсат бошқа. Сиёсий партияга раҳбар бўлиб тайинланишим партияга янада кўпроқ вақт ажратишимни тақозо қиляпти.

— Ўз вақтида биринчи президентга маслаҳатчи бўлиб ҳам ишлагансиз.

— Ҳақиқатан ҳам, икки йил давомида Ўзбекистоннинг биринчи президентига диний масалалар ва миллатлараро муносабатлар бўйича маслаҳатчилик қилдим.

Диний масалалар ва миллатлараро муносабатларнинг ўзи сиёсат. Шу нуқтайи назардан, бу вазифа мен учун катта мактаб бўлди.

— Демократик давлатларда сиёсий партиялар сайловларга йиллар давомида тайёргарлик кўради. Аммо партияда сизни сайловга жуда оз вақт қолганда Наримон Умаров билан алмаштиришди. Бу турли фикрларни уйғотди.

— Тўғри айтдингиз, кўплаб давлатларда партиялар сайловларга узоқ вақт ва жиддий тайёргарлик кўришади. Лекин партия раҳбариятида қилинган ўзгаришлар «Адолат»нинг сайловларга 2021 йилдагина тайёргарлик бошлаганини билдирмайди.