Асли «эсдан чиқиб қолган» сўзлар
Кўп ишлатиладиган сўзлар бўлади. Вақт ўтиши билан уларнинг аксари бир муаммога йўлиқади – кўп ва давомли ишлатилиши ҳамда бошқа омиллар таъсирида асл маъносини йўқотиб қўяди ёки асл маъносининг муҳим жиҳатларидан ажраб қолади. Ана кейин томоша қилинг – аслидан ажралган, бошқа «либос кийдирилган» бечора сўз дунё бўйлаб шаҳдам қадам ташлай бошлайди.
Афсуски, демократия сўзи айнан шундай сўзлардан бири. Аввалида «халқ ҳокимияти», яъники жамият ўз ҳаётини ўзи (якка шахслар ёки гуруҳлар эмас) тартиблаши маъносини ўз ичига олган бу тушунча кейинчалик кўп ҳолатларда ўз исмининг зиддига ишлатиладиган бўлди. Қандай қилиб дейсизми?
Гап шундаки, умумэътироф этилган – аксар давлатлар томонидан қабул қилинган устувор ҳар бир тушунча ўз моҳиятига кўра яхшиликка, дунёда тинчлик бўлишига, халқлар тотув яшашига хизмат қилиши назарда тутилади. Акс ҳолда у халқлар учун олий тушунчага айланолмасди – қайси халқ тотувлик-тинчликка зид тушунчани олий қадриятлардан бири сифатида қабул қиларди?
Демократия тушунчаси ҳам мустасно эмас – уни ҳам халқлар тагида фақат яхшилик борлиги учун бош тамойиллардан бири ўлароқ умумқабул қилишган, асосий қомусларига зар билан ёзиб қўйишган. Ахир, жамият ўз ҳаётини кўпчилик бўлиб ўзи тартиблаши яхшиликдан бошқа нарса эмас-да!
Унда муаммо нимада, нега биз кинояли сарлавҳага ўрин бердик?
Демократияга хос бўлмаган «демократия»
Демократия-ку яхши ниятда «халқ ҳокимияти» деган маъноси билан халқлар томонидан тан олинган тушунча, бироқ у, афсуски, воқеликда, халқаро майдонда баъзида аксинча – халқнинг иродасига зид нарсаларни халққа мажбурлаш учун восита қилинади. Шунда савол пайдо бўлади: «демократия – халқ ҳокимияти, демократик жамият эса халқ иродаси устун бўлган жамият эмасмиди?!» Ёки демократия бу бир тоифанинг демократия талқинини барчага баробар мажбур қилишми? Мажбурлов демократияга хосми? Ҳар қандай мажбурлов тотувликка путур етказишини ҳисобга олсак, унда умумқабул қилинган устувор тушунчаларнинг, хусусан, демократиянинг дунёда тотувликка хизмат қилиши бош тамойили қаерда қолади?
Бевосита мисолларга ўтамиз.















