Фаластин халқига зулм қилаётган Исроил, элитаси мусулмонларни хушламайдиган Ҳиндистон: қанчалик ажабланарли бўлмасин, уларнинг иккаласи ҳам – демократия. Бу факт – автократия ё диктатурада яшаб, демократияни орзу қилаётган жамиятларда янглиш тасаввур уйғотмаслиги лозим. Бундан келиб чиқадиган хулоса оддий: жамият демократияни асраш учун қанчалик масъул бўлса, эркинликлар ва айниқса озчиликларнинг эркинликларини қўриқлашга ҳам шунчалик бурчлидир.
Биз Kun.uz'даги чиқишларимизда халқаро майдондаги жараёнларни кўп таҳлил қиламиз. Жумладан, Исроил, Ҳиндистон – демократия эканини, Ғарбий Европа ва АҚШда ҳам демократик жараёнлар орқали миллатчилар, исломофоблар, ксенофоблар бош кўтараётганини кўп гапирамиз. Шу каби видеолар шарҳларида кўплаб эътирозларни кузатамиз: наҳотки Исроил, Ҳиндистон каби ксенофоб, исломофоб давлатлар демократик бўлса? Агар улар демократик давлатлар бўлса, унда бизга – Ўзбекистонга, Марказий Осиёга, туркий ва мусулмон давлатларига ҳам демократия керакми?
Бу каби саволлар ёки эътирозлар Ўзбекистон жамоатчилигида пайдо бўлиши табиий.
Демократия – дин ёки фалсафа эмас. Демократия – энг аввало давлат ва жамият ҳаётини ташкиллаштириш механизми, тартиби, тамойиллари ҳисобланади. Демократиянинг асосий талаби – кўпчилик иродаси орқали сиёсий қарорлар қабул қилиш. Кўпчилик нимани хохласа, кимга овоз берса – шу, шартли равишда демократия бўлади. Лекин бу ўринда: “Кўпчилик бўлмаганлар-чи, камчиликлар-чи?!” деган масала ҳам бор. Либерал-демократияда эса, кўпчиликнинг хоҳиши ҳокимиятга келади, лекин камчиликка нисбатан репрессиялар, босимлар, таҳқирлашларга йўл қўйилмайди. Ўзаро келишув ва компромисс изланади.
Демократик жараёнлар асосан давлатларнинг ички сиёсатида, мамлакат чегаралари доирасида ишлайди. Лекин халқаро майдонда демократиялар ҳар доим ҳам гармонияда ишлай олмайди. Бугун халқаро майдонда давлатлар ҳаётини тартибга солувчи институтлар мавжуд эмас. БМТ – кучли давлатлар лигаси ҳисобланади, унинг Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар энг кўп уруш қилган ёки қилаётган, энг агрессив давлатлар ҳисобланади. БМТ қолган давлатларни улардан ҳимоя қила олмайди, аксинча, бу қудратли давлатлар БМТ Хавфсизлик Кенгашидан ўз мақсадларида фойдаланишади.
Исроил, мана саксон йилдирки, Фаластинда катта жиноятлар қилиб келади. Ёки, Ҳиндистонда ҳам йилдан йилга ксенофоб, исломофоб сиёсий кучлар ҳокимиятда мустаҳкамланиб бормоқда. Ғарбий Европа ёки АҚШда ҳам демократик сайловлар орқали ашаддий миллатчилар кучаймоқда.
Демак, бу давлатларда халқ мана шу йўналишдаги сиёсий кучларга овоз бермоқда.







