Beeline Uzbekistan компаниясининг янги бош директори этиб тайинланган Анджей Малиновскийнинг вакили сифатида VEON компаниялари гуруҳи делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Делегацияни VEON компаниялари гуруҳининг бош ижрочи директори, «Unitel» МЧЖ (Ўзбекистондаги Beeline СБ) кузатув кенгаши раиси жаноб Каан Терзиоглу бошқарди.

Анджей Малиновский ўз лавозимига тайинланганини шундай шарҳлади:
«Мен бу гўзал мамлакатда яшаш ва ишлаш имкониятига эга бўлганимдан хурсандман. Авваламбор шуни айтмоқчиманки, профессионаллар жамоасига қўшилиш мен учун катта шарафдир. Ҳозирда мавжуд эҳтиёжлар асосида қайта кўриб чиқилиши ва ҳал қилиниши керак бўлган бир қатор долзарб вазифалар бор. Компаниянинг устувор йўналиши – бу абонентнинг ўзи, фойдаланувчи тажрибаси ва хизмат кўрсатиш даражасини яхшилаш бўлади».
VEON компаниялари гуруҳи делегацияси мамлакатимизга бўлган ташрифи бой ва самарали бўлди.
Рақамли тизимларни ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларини кенг жорий этиш бўйича масалалар республика Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида бўлиб ўтган учрашувнинг диққат марказида бўлди. Учрашув давомида «Рақамли Ўзбекистон-2030» стратегиясини ишлаб чиқиши ҳам муҳокама қилинди. Телекоммуникацияларни ривожлантириш, шу жумладан Ўзбекистонда халқаро интернет тармоғига киришни эркинлаштириш тўғрисида Ахборот вазирлигининг янги қонун лойиҳаси ҳақида меҳмонларга маълумот берилди.

Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Ҳожибоев билан суҳбат чоғида VEON компаниялари гуруҳи вазирликнинг электрон тиббиёт ва рақамлаштириш, қўшма ижтимоий лойиҳаларни яратишда иштирок этиши кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси вакиллари билан учрашувда меҳмонлар уларнинг мамлакатда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссаларини юқори баҳоладилар.

VEON компаниялари гуруҳи аъзолари ва Beeline Uzbekistan топ-менежерларининг етакчи журналистлар ва блогерлар билан учрашуви давомида ҳам долзарб мавзулар ва саволлар кўтарилди. Саволлардан бирига жавобан Каан Терзиоглу Beeline Uzbekistan компанияси 4G тармоғи ва янги лойиҳаларини ривожлантиришга сармояларини давом эттиришини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, у мамлакатдаги телекоммуникация бозори янада эркинлаштирилишига умид билдирди.
























