Сўнгги йилларда Ўзбекистонда кўп қаватли уйлар қурилиши кескин кўпайди. Аммо афсуски, ноқонуний қурилиш қилаётган тадбиркорлар ва янги кўп квартирали уй қураман, деб фуқаролар ишончига кириб, алдов йўли билан уларнинг пулини олишни мақсад қилганлар ҳам тез-тез учрамоқда.

Қурилиши ҳали битмаган ёки умуман бошланмаган уйлардан квартира сотиб олишда нималарга эътибор бериш керак? Биз шу масала юзасидан Қурилиш вазирлигида бўлдик. Саволларимизга Қурилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи Шерзод Содиқов ва вазирлик бўлим бошлиғи Элёр Комилов жавоб берди.

— Янги уйларни сотиб олишда кўп тушунмовчиликлар бор. Қурилишда «улуш киритиш асосида» деган тушунча пайдо бўлди, буни шерикчилик деб атаса бўлади. Шу муносабат билан 2020 йил 7 май куни президент қарори қабул қилинди. Унга асосан, улуш киритиш, яъни аҳолининг пулини жалб қилган ҳолда уй қурмоқчи бўлса, электрон рўйхатга кириши керак.

Электрон рўйхатга киришда 5та талаб бор. Биринчиси, қурилиш ташкилотининг кўп квартирали уйларни қуриш учун ер участкасига эгалик ҳуқуқи ва қурилиш ишларини амалга оширишга бирламчи рухсат берувчи ҳужжатлар мавжудлиги;

Иккинчиси, қурилиш мажмуасига кирадиган кўп квартирали уйлар ва бошқа қурилиш объектлари қийматининг 20 фоизидан кам бўлмаган миқдорда ўз маблағи ёки кредит ажратиш ҳақида банк кафолат хати мавжудлиги. Бу талаб қурувчи ташкилотнинг аввалдан қурилиш бошлашга пули бўлишини кафолатлайди.

Учинчиси, қурилиш мажмуасининг лойиҳа-смета ҳужжатлари ва ижобий экспертиза хулосаси бўлиши керак.

Тўртинчиси, техник ва муаллифлик назорати ҳамда давлат назоратини амалга ошириш учун тегишли шартномалар бўлиши керак. Қурилишнинг ҳар бир жараёнида сифатга алоҳида эътибор бериш мақсадида ушбу талаб қўйилган.

Бешинчиси, тижорат банкида тадбиркорнинг айнан мана шу уй учун очилган махсус ҳисобрақами бўлиши керак. Ушбу талаб аҳолидан йиғилаётган пулнинг ҳақиқатдан ҳам қурилиш мақсадида ишлатилишини ҳамда пулнинг ишончли сақланишини таъминлайди.

Ушбу талабларни бажарган ташкилотгина электрон рўйхатга киритилади.