08:47 / 02.04.2021
6776

Иккита педагогика институтининг вазифалари белгиланди

Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан Термиз давлат университетининг педагогика институти фаолиятини ташкил этиш ва Қарши давлат университетининг педагогика институти фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди.

Фото: KUN.UZ

Norma’нинг ёзишича, педагогика институтлари асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • таълим жараёнида замонавий педагогик технологияларни қўллаш кўникмаларига эга профессионал олий маълумотли кадрлар тайёрлаш;
  • институтнинг минтақа ва халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш мақсадида хорижий фуқаролар учун таълим олиш имкониятини кенгайтириш ва илғор халқаро тажрибани татбиқ этиш;
  • ўқув ва илмий лаборатория хоналари ташкил этиш, замонавий технологиялар асосида жиҳозлаш ҳамда ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш;
  • республика ва хорижий етакчи олий таълим муассасалари ҳамда илмий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, шунингдек илғор тажрибани татбиқ этиш асосида ўқув дастурлари ва қўлланмалар ишлаб чиқиш;
  • халқаро баҳолаш дастурлари (PISA, TIMSS, PIRLS) ва STEAM стандартларидан фойдаланиш, аниқ ва табиий фанларни ўқитиш ва баҳолашнинг замонавий шакллари, методлари ва технологияларини жорий этиш ҳамда ушбу билим ва кўникмаларга эга бўлган педагогларни тайёрлаш.

Институтларда ўқув жараёни 2021/2022 ўқув йилидан бошланади.

Институтлар давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга ва бланкаларга, мустақил балансга ҳамда шахсий ғазна ҳисобварақларига эга бўлади.

Педагогика институтларига талабаларни бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қабул қилиш сони ҳар йили белгиланган тартибда тасдиқланадиган республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш параметрларидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Институтлар университетнинг ўқув ва илмий лабораторияларидан, спорт иншоотларидан ҳамда ахборот-ресурс марказидан режалаштирилган дарс жараёнларига таъсир этмаган ҳолда текин фойдаланади.

Педагогика институтларига кафедра мудири ва профессор-ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш университет кенгаши қарорига асосан амалга оширилади.

Top