Жаҳон Банки Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги 23 мамлакат бўйича ўз ҳисоботини эълон қилди. Унда мамлакатларнинг 2021 ва 2022 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожланиши бўйича прогнозлар берилган. Хусусан, унда Ўзбекистондаги вазиятга доир таҳлиллар ҳам мавжуд.

Қўллаб-қувватлашларни давом эттириш зарур

Қайд этилишича, 2020 йилда ўсиш суръатларининг кескин секинлашувидан сўнг, 2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти Covid-19 инқирози таъсиридан қисман тикланиши прогноз қилинмоқда. Иқтисодиёт тўлиқ тиклангунга қадар эса, пандемиянинг даромади паст оилалар ва қаттиқ зарар кўрган корхоналарга салбий таъсирини юмшатиш учун уларни қўллаб-қувватлаш амалиётини давом эттириш керак. Мамлакатнинг ўрта муддатли иқтисодий истиқболлари ҳам ижобий бўлиши айтилмоқда. Ўзбекистон савдо ҳамкорларининг иқтисодиёти ва жаҳон иқтисодиётининг яхшиланиб бориши, шунингдек, ҳукумат давлат корхоналарининг иқтисодиётдаги ролини қисқартириш бўйича ислоҳотларни ҳамда ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш чораларини кўриш керак. Бу хусусий секторда ўсишни қўллаб-қувватлайди. Камбағалликни қисқартириш жараёнини жадаллаштириш учун аҳолининг расмий бандлиги, фуқароларнинг даромадлари ва иқтисодий имкониятларнинг ошишига олиб келадиган ислоҳотларга эътибор қаратиш лозим.

Ислоҳотларнинг мураккаб босқичи бошланмоқда – асосий масала шаффофликни таъминлаш

Ҳисоботда Ўзбекистон иқтисодиётини пандемиядан тикланишидаги асосий муаммолар ҳамда қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида ҳам сўз боради. Бозорни либераллаштириш жараёнининг бошланғич босқичи тугаганидан сўнг, Ўзбекистон ердан фойдаланиш ва эгалик қилиш ҳуқуқи, меҳнат бозори ва капитал бозорини ислоҳ қилиш, шунингдек давлат корхоналарини трансформация қилиш билан боғлиқ ислоҳотларнинг навбатдаги, мураккаброқ босқичига ўтмоқда.

Ўрта муддатли энг муҳим вазифа ислоҳотларнинг инклюзивлиги ва шаффофлигини таъминлаш бўлади. Давлат корхоналарини ислоҳ қилиш жараёнини жадаллаштириш ҳамда хусусий сектор келтириб чиқарадиган рақобатбардош ва инклюзив иқтисодий ўсиш моделини яратиш орқали давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтиради. Натижада, бу давлат томонидан бошқариладиган модел меросига барҳам беришга ёрдам беради. Гарчи олдинги иқтисодий ўсиш модели ЯИМ ўсишининг юқори суръатларини таъминлаган бўлса-да (2000 йилдан 2016 йилгача бўлган даврда йилига ўртача 6%), тез ўсиб бораётган аҳоли учун иш ўринлари ва фуқаролар учун иқтисодий имкониятлар яратолмади.

Аҳолининг 9 фоизи камбағаллик чегарасидан пастда

Covid-19 пандемияси оқибатида юзага келган инқироз бозор иқтисодиётига ўтишнинг янада муҳимлигини намойиш этди. Мамлакат аҳолисининг қарийб 9 фоизи ҳали ҳам камбағаллик чегарасидан (Жаҳон банки томонидан ўртача паст даромадли мамлакатлар учун ҳисоблаб чиқилган - сотиб олиш қобилияти паритети бўйича ҳар бир кишига кунига 3,2 доллар) пастда яшамоқда. Бунданда кўпроқ фуқаролар ушбу чегарага яқин яшайдилар. Карантин чекловлари ўрнатилган вақтда бу муаммо янада кескинлашди – яна бир миллионга яқин фуқаро камбағаллик чегарасидан пастга тушиб қолган.