Президент “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Фармонга асосан ички ишлар органлари ходимлари ва оила аъзоларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ҳамда уй-жой ва маиший шароитларини янада яхшилаш чоралари кўрилади.

Қуйидаги йўналишлар бўйича ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга доир таклифлар киритилади:

  • хизмат вазифасини бажараётган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг шаъни ва қадр-қимматини камситиш, соғлиғига шикаст етказиш, шунингдек, қонуний талабларига бўйсунмаслик ва фаол қаршилик кўрсатганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чораларини кучайтириш;
  • ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва оила аъзоларининг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик белгилаш;
  • ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини давлат томонидан ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг ягона ҳуқуқий асосини, ушбу йўналишдаги кафолатлар ва аниқ механизмларни назарда тутган ҳолда яратиш.

Бундан олдин, қамоқхоналар ходимлари ҳам бодикамера билан таъминланиши хабар берилганди.

Фармонга асосан маҳкумларнинг “электрон назорати”ни таъминловчи ахборот технологияларини жорий этган ҳолда, жазони ижро этиш муассасалари фаолияти босқичма-босқич рақамлаштирилади. Хусусан, ходимлар персонал видеорегистратор (бодикамера) билан хизматни ўташ тартиби татбиқ этилади.