Жамият | 08:49 / 05.04.2021
3117
2 дақиқада ўқилади

Қўқонда қалбаки пул ишлаб чиқарган шахслар қўлга олинди

Қўқондаги тезкор тадбирда қалбаки пул ишлаб чиқарган шахслар ушланди. Улар 24 850 АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки пулларни 10 000 АҚШ доллари эвазига сотаётган бўлган. 

2021 йилнинг 31 март куни Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ЖҚБ ва ДХХ Қўқон шаҳар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тезкор тадбир давомида, фуқаролар А.К., А.Ш. ва Ф.А.лар бир гуруҳ бўлиб, Қўқон шаҳар Мовароуннаҳр кўчасида жойлашган чойхонада махсус харидорга 24 850 АҚШ доллари миқдоридаги қалбаки пулларни 10 000 АҚШ доллари эвазига сотган вақтида далилий ашё билан ушланган.

Суд кимёвий экспертизасининг хулосасига кўра, 200 дона 100 АҚШ долларлик ва 97 дона 50 АҚШ долларлик купюрадаги пуллар полиграфик усулда нусха кўчириб кўпайтирувчи рангли принтер ёрдамида тайёрланганлиги аниқланган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИО ФMБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 176-моддаси 3-қисми (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, фуқаролар процессуал тартибда ушланган.

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизматининг қўшимча қилишича, ушбу жиноятни содир этган шахс қонунчиликка биноан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Мавзуга оид