Президентнинг «Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ҳужжатга мувофиқ «Ижод» жамоат фонди тасарруфидаги Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси, «Дўрмон» ижод уйидан фойдаланиш дирекцияси» УК ва «Оққум файз барака» ШК Ёзувчилар уюшмасига ўтказилади.

«Ижод» жамоат фонди негизида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузурида юридик шахс мақомисиз Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармаси ташкил этилади.

Қуйидагилар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланди:

  • республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
  • жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;
  • халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг грантлари ва имтиёзли кредитлари;
  • вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банклари депозитларига жойлаштириш ҳисобидан олинган даромадлар;
  • қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари қуйидаги тадбирларни молиялаштириш учун йўналтирилади:

  • узлуксиз маънавий тарбия концепцияси асосида мактабгача таълим, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим босқичлари учун методик қўлланма, услубий тавсиялар, илмий-амалий адабиётлар яратиш, уларни нашр этиш ва жойларга етказиш;
  • миллий мерос, буюк аждодларнинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссаларини дунё миқёсида кенг тарғиб қилишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • IT-парклар, инновацион марказлар ва фрилансерлар билан ҳамкорликда мобил иловалар, компьютер ўйинлари, анимацион маҳсулотлар яратиш;
  • жойларда маънавий-маърифий муҳитни ўрганиш, ҳудудий маънавият ва маърифат кенгашлари фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, тарғибот-ташвиқот ишлари самарадорлигини ошириш мақсадида ташкил этилган экспертлар гуруҳларини қўллаб-қувватлаш;
  • мамлакат ва халқаро миқёсда илмий-маърифий тадбирлар, адабий анжуманлар, фестиваллар, танловлар, халқ сайиллари, адабий-мусиқий кечалар ўтказиш;
  • маънавий-маърифий, адабий-бадиий китоб ва плакатлар нашр этиш, замонавий тарғибот воситалари ва медиа маҳсулотлар яратиш ва бошқалар.