12:59 / 12.04.2021
9158

Абдужаббор Абдувоҳидов Халқаро кураш ассоциацияси вице-президенти этиб сайланди

Президент маслаҳатчиси Абдужаббор Абдусатторович Абдувоҳидов Халқаро кураш ассоциациясига вице-президент этиб сайланди.

Жорий йил 11 апрел куни Термиз шаҳрида Халқаро кураш ассоциацияси ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилиши бўлиб ўтди. Унда курашни жаҳон миқёсида ривожлантириш, курашнинг турли қитъа ва минтақавий ўйинлар дастурига киритилиши масалалари муҳокама қилинди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати маълум қилди.

IКА президенти Ҳайдар Фармон IКА вице-президенти лавозимига таклиф қилган Абдужаббор Абдувоҳидов номзоди ассоциация ижроия кенгаши томонидан маъқулланди.

«Ижроия қўмитаси аъзолари кураш ватани бўлган мамлакат – Ўзбекистон билан ўзаро алоқада бўлиш учун янги IКА вице-президенти лавозимини жорий этишга қарор қилишди. 

IКА президенти Ҳайдар Фармон ушбу янги ташкил этилган лавозимга Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидовни тайинлашни таклиф қилди. Кенгаш аъзолари ушбу таклифни бир овоздан қўллаб-қувватлади», дейилади хабарда.

Абдужаббор Абдувоҳидов 2018 йил июл ойи охирларида Ўзбекистон президентининг фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси этиб тайинланган.

У тайинловга қадар ташқи ишлар вазири ўринбосари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори лавозимида фаолият кўрсатиб келган. 2002−2011 йилларда Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ректори, 2011−2012 йилларда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ректори, сўнгра президент ҳузуридаги Давлат бошқарув академияси ректори бўлиб фаолият кўрсатган.

Top