Жорий йилда қўшимча 20 минггача ўрта тиббиёт ва ижтимоий ходимлар штати ташкил этилиб, қўшимча иш ўринлари яратилади.

«Жорий йилда соғлиқни сақлаш соҳасида катта ислоҳотларни бошладик. Ҳар бир маҳалла ва хонадонни сифатли тиббий хизматлар билан қамраб олиш учун малакали ўрта бўғин тиббиёт ходимларини кўпайтириш зарур бўлмоқда.

Биргина «тиббий бригадалар»га камида 7 минг нафар ўрта тиббиёт ходимлари керак. Шунинг учун, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларимизнинг давоми сифатида жорий йилда қўшимча 20 минггача ўрта тиббиёт ва ижтимоий ходимлар штатини ташкил этиш ҳисобига минглаб ёшлар учун янги иш ўринлари яратилади.

Бу бюджетга жуда катта юк, лекин мен шунга тайёрман. Қийин, лекин амалга ошириш зарур. Чунки шунча ўқитганларимиз қаёққа кетди? Йиллар давомида коллежларда ўқитдик, лекин иш бермадик. Агар вақтида ўша коллежларни шифохоналарга бириктирганимизда, коллежлар салоҳиятидан бошқа мақсадда фойдаланганимизда муҳит бутунлай бошқача бўларди.

Одамлар тиббиёт тизимидан норози. Мусаев, Тўйчиев, Ҳожибоев, Ишметов икки ҳафта муддатда ушбу топшириқ ижросини ташкил қилсин», – деди давлат раҳбари.