Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 августдаги 473-сонли «Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейи фаолиятини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари тасарруфида Сурхондарё вилоятида Термиз шаҳрида «Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейи 2021 йил 1 сентябрдан ўз фаолиятини бошлайди.
«Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейида ўқиш давомийлиги икки йил бўлиб, жорий йилда умумтаълим мактабларида 9-синфни тамомлаётган ўғил болалар (Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари) ўқишга қабул қилинади. Ўқувчилар ётоқхона, ҳарбий кийим бош ва озиқ-овқат билан таъминланади.
Таълим йўналиши: 50 фоиз ўқувчилар аниқ фанлар, 50 фоиз ижтимоий-гуманитар фанлардан иборат.
Мазкур лицей битирувчиларига қуйидаги имтиёзлар берилади:
- «Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейини имтиёзли диплом билан тугатганларга таълим йўналишига қараб, Ўзбекистон Республикаси ДХХ Академияси ёки Қуролли Кучлар Академияси Чегара факультетига тест синовларисиз кириш ҳуқуқи берилади.
- Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий ва ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ўқишга киришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўтказиладиган тест синовларида ўзлари тўплаган балларнинг 30 фоизи миқдорида, республиканинг бошқа давлат олий таълим муассасаларига ўқишга киришда эса ўзлари тўплаган балларнинг 15 фоизи миқдорида қўшимча баллар кўринишида имтиёз берилади.
- Бундан ташқари, битирувчилар «В», «С» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишади.
«Ёш чегарачилар» ҳарбий-академик лицейида ўқишга кириш истагини билдирган шахслар ариза билан ўз яшаш жойларидаги Мудофаа ишлари бўлимларига (масалан, Андижон вилояти, Пахтаобод туманида яшовчи шахс Пахтаобод туман Мудофаа ишлари бўлимига) жорий йилнинг 1 май кунига қадар мурожаат қилиши мумкин. Аризада ўзингиз танлаган аниқ ёки ижтимоий-гуманитар фанлар таълим йўналишини кўрсатиш шарт.
Номзодлар дастлабки ва ҳарбий-касбий танловлардан муваффақиятли ўтганларидан сўнг тест синовларига қўйилади.
Тест синовлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ўрнатилган тартибда ўтказилади.
Тест топшириқлари умумий ўрта таълим фанларининг (5-9 синфлари кесимида) Давлат таълим стандартларига мувофиқ тузилади.
Номзодлар тест синовларини ўз ихтиёрларига кўра уч тилнинг бирида – ўзбек, қорақалпоқ ва рус тилларида топширишлари мумкин, шунингдек, ўзлари танлаган аниқ ёки ижтимоий-гуманитар фанлар таълим йўналишига топширадилар.















