Ўзбекистон | 17:07 / 17.04.2021
13937
3 дақиқада ўқилади

Пневматик пистолет билан дорихонага бостириб кирган шахслар қўлга олинди

Фото: Тергов департаменти

 2021 йилнинг 11 апрель куни соат 00:30 дан 01:00 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс юзига тиббий ниқоб таққан ҳолда Фарғона шаҳри Марғилон кўчасида жойлашган “555” номли дорихонага пневматик пистолет билан қуролланган ҳолда бостириб кириб, дорихонадаги навбатчи сотувчи 28 ёшли Ў.У.ни ўлдириш билан қўрқитиб, дорихона ғазнасида бўлган 600 000 сўм пулларни олиб чиқиб кетган.

Қайд этилишича, ушбу икки нафар номаълум шахc Фарғона шаҳри Ойбек кўчасида жойлашган “Соғлом ҳаёт сари” номли дорихонага ҳам бостириб кириб, дорихонадаги навбатчи сотувчи 20 ёшли Қ.Жасурбекка қўлларидаги пневматик пистолетни кўрсатиб, уни ўлдириш билан қўрқитиб, дорихона ғазнасида бўлган 400 000 сўм пул ва кузатув камерасининг хотира сақлаш мосламасини олиб ҳодиса жойидан яширинганлар.
Жиноятчиларнинг шахсини аниқлаш мақсадида ЖҚБ, ЙҲХБ, ППХ, Тергов бошқармаси ҳамда бошқа соҳавий хизматлар ходимларидан иборат махсус тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, юқоридаги жиноятга алоқадор “Cobalt” русумли автомашина ҳар икки ҳолатга ҳам алоқадорлиги аниқланиб, ушбу автомашинанинг йўналиши синчиклаб ўрганилганда, мазкур жиноятни Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаролар 41 ёшли Т.Д. ва 43 ёшли Х.Ш. содир қилганликлари маълум бўлиб, вилоят ИИБ ходимлари томонидан яшаш манзилида қўлга олинган.

Ўз навбатида, уларнинг хонадонлари тинтув қилинганда, хонадонлардан бир дона “ПМ” русумли пневматик пистолет, бир дона “Калашников” русумли пневматик автомат, 250 дона думaлоқсимон пневматик ўқ, 1 жуфт автомашина давлат рақами, бир дона алоқа рацияси, бир дона ниқоб, бир дона қора рангли қўлқоп, 3 дона кузатув камераси хотира мосламаси, 20 дона “Beeline” уяли алоқа компаниясига тегишли “Sim-card”, 4 дона пичоқ, бир дона “LIZ” русумли дрон (учувчисиз учиш аппарати), шунингдек, “Cobalt” русумли автомашинадан бир дона чопқи, бир дона отверка, бир дона омбир ва 1 жуфт автомашина давлат рақам белгиси аниқланиб, ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 164-моддаси 2-қисми “а, б” бандлари (босқинчилик) билан қўзғатилган жиноят иши юзасидан Т.Д. ва Х.Ш. айбланувчи тариқасида жалб қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Бундан ташқари, тергов ҳаракатлари давомида, ушбу шахсларни яна бошқа жиноятга алоқадорликлари юзасидан текширувлар олиб борилмоқда.

Аввалроқ Қува туманида хонадонга кирган босқинчилар қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди.

Мавзуга оид