Kun.uz маҳрнинг нима эканлиги ва унга нима берилса жоизлиги юзасидан сўровнома ўтказди. Табиийки, бу жараёнда турмуш қурганларга савол берилди ва натижаларга кўра маҳрни кўпроқ совға деб тушунадиган аёллар кўпчиликни ташкил қилди. Баъзилар буни никоҳ пайтида эшитишганини айтишди. Маҳр ҳақида умуман билмайдиган аёллар ҳам учради. Шундан келиб чиққан ҳолда бу масалада билимга эга бўлган замондошларимиздан ҳам фикр сўрадик.

Одинахон Муҳаммад Содиқ, олима:

– Маҳр бу аёл ва эркак ўртасида ақди никоҳ қилинган пайтда келинга бериладиган молиявий ҳақ ҳисобланади. У аёл кишининг ҳаққидир. Қуръони Каримда 4 ўринда уни беришга буйруқ қилинган. Пайғамбаримиз с.а.в ҳам «Маҳр бериш учун бир темир узук бўлса ҳам топгин», дея уйланадиган кишига маҳр беришга буйруқ қилганлар.

Маҳрни куёв беради – унинг ота-онаси эмас. Бу билан унга оилабошилик масъулияти англатилади. Маҳр миқдорининг энг ками 4,25 грамм тиллага тенглаштирилади. Шу қийматдан тушмаслиги керак. Энг кўпининг эса чегараси йўқ: ҳисобсиз мол-мулк бўлиши ҳам мумкин.

Турмуш қурадиган ёшларимизга маҳр бериш ва олиш фарзи ҳақида таълимот берилиши лозим. Йигитларга зиммасидаги маҳр бериш, қизларимизга маҳр талаб қилиш ҳуқуқлари, миқдори ҳақида англатиш керак бўлади. Ҳозирги пайтда бу масалани кўпчилик яхши англамаяпти. Буни никоҳ пайтида ёшларга англатиш имом-домлаларнинг вазифасига киради. Никоҳ пайтида келинда ҳаяжон ёки уят ҳисси туфайли буни сўрай олмаслиги мумкин. Шундай вазиятда унинг отаси ёки ака-ука, яқинларидан бирига бу вазифа юклатилади. Келиннинг номидан маҳр миқдорини эълон қилиб, талаб қилишлари жоиз бўлади.

Маҳр берилиш муддатига кўра иккига бўлинади: муъажжал, яъни тезлатиб бериладиган маҳр ва муажжал, яъни кейинроқ бериладиган маҳр. Келишилган маҳрнинг бир қисмини тўй пайтида бериш, қолганини вақт ўтиб айтилган муддатида бериш мумкин. Айниқса ҳозир бу муддатни гувоҳлар иштирокида келишиб олиш мақсадга мувофиқ бўлади. Бошқа қарзлар каби маҳр ҳам эркакнинг зиммасида то вафотига қадар тураверади.

Маҳрга қўлга киритиладиган мол-мулк берилиши вожиб бўлади: у тилла, пул уй-жой бўлиши мумкин. Маънавий нарсалар маҳр сифатида берилмайди – улар маҳр бўла олмайди, чунки улар қўлга киритиладиган мулк эмас. Агар уй-жойдан маълум хоналар ажратиб берилса, ўша хона унинг мулки ҳисобланади. Агар сабабларга кўра турмуш давом этмайдиган бўлса, ўша жой унинг мулкидир, истаса кириб яшаши, истаса унинг қийматини сўраб, ҳисоблаб ҳаққини олиши мумкин. Эр-хотин бўлиб яшагандан кейин қанақа айб билан ажрашган тақдирда ҳам аёл маҳрини олиши шарт. Авваллари бу қозилар орқали ҳал қилинган. Исломий давлатларда бу қонунга киритилган: эркак киши маҳрни айтилган вақтда бермаса тегишли тартибда қонунан ҳал қилинади. Бизда кўпинча имом-домлаларга мурожаат қилинади.