Ёшлар ишлари агентлигига бюджетдан қўшимча 100 млрд сўм ажратилади. Бу президентнинг “Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва бандлигига кўмаклашиш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилган.
Қайд этилишича, Ёшлар ишлари агентлигида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади ва унинг даромадларини шакллантириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:
Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
- Ёшлар ишлари агентлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳузуридаги корхона, муассаса ва ташкилотлар ихтиёрида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойданинг бир қисми;
- жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, вақтинча бўш турган маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;
- қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.
Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлайди.
Молия вазирлиги 2021 йилда:
- фармонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш ва уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бўйича назарда тутилган чора-тадбирларни молиялаштириш учун Ёшлар ишлари агентлигига Давлат бюджетидан қўшимча равишда 100 млрд сўм;
- олий таълим муассасалари талабалари турар жой ойлик ижара тўловининг бир қисмини қоплаш учун Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларнинг ҳисоб-китобларига мувофиқ Давлат бюджетидан қўшимча равишда маблағлар ажратади.












