East Fruit таҳлилларига кўра, айни пайтда банан нархлари бутун дунёда ўтган йилга нисбатан анча қиммат ҳисобланади. Бу барча мамлакатлар учун долзарб тенденциядир.
Айни пайтда бананларнинг ўртача нархи Россияда бир ярим баравар ошди ва мамлакат улгуржи бозорида ўртача 1 кг банан 1,44 доллар атрофида сотилмоқда. Шу билан бирга, бананларни моддий-техника жиҳатидан олислиги сабабли Марказий Осиё мамлакатларида анъанавий нархлардан анча қимматроқ сотиб олиш мумкин. Тожикистонда ушбу меванинг улгуржи нархи килограмми учун 1,57 доллар, Ўзбекистонда эса 1,99 долларни ташкил этмоқда.

Бундан ташқари, Беларусда ушбу мевалар ўртача 25 фоизга, Польша ва Грузияда эса 21 фоизга қимматлашган.
Шарқий Европа ва Марказий Осиёда банан нархи кўтарилишига нима сабаб бўлмоқда?
Бутун дунёда бананларнинг жуда катта қисми Эквадорда етиштирилади ва Марказий Осиё ҳамда Шарқий Европа мамлакатларига ушбу давлатдан импорт қилинади. Мамлакат иқтисодиётининг пасайиши, Сovid-19’нинг тез тарқалиши, шунингдек, 2020 йилда глобал талабнинг пасайиши сабабли бананларнинг жаҳон бозоридаги нархи кескин тушиб кетди. Бу эса ушбу мевани етиштиришга манфаатдорликни камайтирди.
Бундан ташқари, жорий йил март ойида мамлакатда Сангай вулқонининг отилиши банан ҳосилига жиддий зарар етказган. Шунингдек, Эквадор бананларига кутилмаганда АҚШ бозорида кучли талаб пайдо бўлди. 2020 йил ноябрида Марказий Америка бўйлаб рўй берган тошқинлардан сўнг, банан ишлаб чиқарилиши Гватемала, Ҳондурас ва минтақанинг бошқа мамлакатларида жиддий даражада камайиб кетди ва АҚШ ички бозор талабларини ўзи учун ноодатий бозор ҳисобланган Эквадор маҳсулотлари билан таъминлай бошлади.
Ишлаб чиқариш қисқариши, бошқа муқобил қулай бозорлар пайдо бўлиши ва Шарқий Европа ҳамда Марказий Осиё минтақасидаги мамлакатларнинг аксарияти миллий валютасининг долларга нисбатан қадрсизланиб кетиши ички бозорда импорт қилинадиган маҳсулотлар қимматлашишига олиб келган.














