Аввалида ночор аҳволда бўлган баъзи давлатлар қандай қилиб ишларини ўнглаб, қисқа даврда (20-30 йил ичида) энг кучли давлатлар қаторига қўшилиб олишади?  

Бир қарашда бу саволга жавоб бериш учун улар амалга оширган кўплаб ислоҳотларни, узундан узун тафсилотларни санаб ўтиш керак. Бироқ, бошқа йўл ҳам бор – бир неча асосий омилни тилга олиш билан самарали ислоҳотлар сирини англаб олиш, муваффақият формуласини кўз олдига келтириш мумкин.

Аввало шуни айтиш керакки, муваффақиятли ислоҳотларда тўғри тадриж – қилиниши керак бўлган ишларнинг тўғри кетма-кетлиги бўлади.

Ҳатто оддий ишларда тўғри бирин-кетинлик бўлмаса ишлар чапараста бўлиб кетишини биламиз. Дейлик, уй қураётганда тўғри кетма-кетлик бўлмаса, уй эмас – алламбало нарса қуриб қўйилади. Бу ерда эса мамлакат ислоҳидек улкан жараён!

Яқин тарих муваффақиятсиз ислоҳотлар билан бирга муваффақиятли ислоҳотларнинг ҳам гувоҳи бўлди. Булар эса ислоҳот истовчи мамлакатлар учун тайёр андазаларни юзага келтирди. Бироқ энг муҳими, ўша – яхши натижа берган ислоҳотлар иқтисодий самарага омил бўлувчи илмий асосланган иқтисодий қонуниятларни, тамойилларни ишлаб чиқишга ёрдам берди.

Бошқача айтганда, ислоҳотлар йўлига эндигина тушаётган мамлакатлар учун тажрибадан ўтган иқтисодий билимлар шаклланган – олиш ва қўллаш керак, холос. Тўғри, ҳар бир мамлакатнинг ўзига хос жиҳатлари бор ва уларни инобатга олиш керак, бироқ бу ерда гап ҳамма учун умумий бўлган иқтисодий қонуниятлар ҳақида боряпти.

Шу ерда тўхтаб, бир жиҳатни айтиш керак бўлади, зеро у биз тепада айтган ҳақиқатдан келиб чиқади. Гап шундаки...

Ислоҳотлар тарафдорлари ислоҳотлар айнан тизимли равишда, тўғри бирин-кетинликда олиб борилишини ёқлашади, ислоҳотларга тўсқинлик қилмоқчи бўлганлар эса аксинча – уларда тизим ва тадриж йўқолишини исташади, муҳим ишлардан оммани чалғитиб, шу топда муҳим бўлмаган масалаларни ўртага ташлашади. Буни англашимиз керак, токи ислоҳотларнинг дўстидан душманини ажратиб олишимиз лозим. Бу «ажина ови» эмас, бу воқеликни тўғри англаш учун керак.    

Тизимсизлик уринишларни зое қилади, ислоҳотларни мутлақо издан чиқаради.      

Барча эътиборни энг долзарб – энг оғир муаммоларга қаратиш ислоҳотлар муваффақиятининг шаксиз шартларидан биридир. Бу ҳам ўша тизимлиликнинг бир жиҳати. Яъни ислоҳотлар йўлининг бошида турган ҳар бир мамлакат – жамият ўзи учун энг муҳим, биринчи навбатда қилиниши керак бўлган ишларни белгилаб олиши ва кейин ўзи белгилаганига қатъий амал қилиши керак.