Одамларнинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ўзини Марказий банк, тижорат банки, тўлов ташкилоти ёки тўлов тизими ходими сифатида таништириб, мобил илова бузилгани, банк картаси блок ҳолатига тушгани, картадан ноқонуний пул ечиб олишга уринишлар бўлаётгани ва шу каби турли уйдирмаларни келтирган ҳолда дарҳол чора кўрилмаса, барча маблағлардан айрилиши ҳақида айтиб, одамларнинг пулларини ўғрилаш ҳолатлари кўпаймоқда.
Блогер Шаҳноза Соатова обуначиларидан бири билан рўй берган ҳолат ҳақида қуйидагича ёзади.
«Менга телефон қилиб, бир ёш йигит ўзини Артём деб таништирди. Суҳбат рус тилида бўлди. «Мен сизни Марказий банкдан безовта қиляпман. Ҳозиргина сизнинг картангиздан мобил илова (Сlick, Payme, тижорат банклари иловалари) орқали OLX.UZ учун 2 млн сўм тўлов амалга оширишга уриниш бўлди. Шу сизмидингиз? Ҳозир сизнинг мобил тизимига доступингиз борми, текшириб кўрамиз».
Мен дарров: «Шошманг, сиз қайси Марказий банкдан телефон қиляпсиз?» деб сўрадим. «Тошкент шаҳар Марказий банкидан», деди Артём. «Қайси бўлимдан?» деб сўроқни давом эттирдим. Озгина ўйланиб «Хавфсизлик бўлимидан», деди ҳурматли Артём.
– Кечирасиз, Артём, сизнинг мобил тизимга қандай алоқангиз бор?
– Ахир биз Марказий банкмиз, бизнинг ҳамма тизимга доступимиз бор.
– Хўп, унда қайси карта орқали тўлов қилишга уриниш бўлди? (Картам 2 талиги боис шу саволни бердим, чунки суҳбат қизиқлашиб бораётган эди).
– Марказий банк томонидан чиқарилган карта орқали.
– Марказий банк қачондан бери карта чиқаряпти экан? Марказий банк карта чиқармайди, Артём, дейишим биланоқ гўшакни қўйиб қўйди.
Суҳбат давомида орқа фонда колл-марказнинг овози эшитилиб турарди. Жумладан, ёш овозларнинг рус тилида кимларгадир нималарнидир тушунтираётгани билиниб турарди. Прокуратура деган сўзлар ҳам қулоққа илинди.
Назаримда, фирибгарлар Ўзбекистонга ҳам кириб келишди ёки мобил иловаларнинг маълумотлар базаси чиқиб кетди. Чунки суҳбат давомида менинг исмим, фамилиям ва отамнинг исмини ҳам тўлиқ айтди бу «ақлли» Артём. Адашганларни тўғри йўлга бошласин. Артёмга инсоф берсин».
Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган обуначилардан бири эса электрон ҳамёнидан пул ўғирланганини айтди.















