Жамият | 17:33 / 07.05.2021
38216
2 дақиқада ўқилади

Олтиариқлик 57-рақамли аскар: у 7 йил деганда урушдан она қишлоғига қайтган

Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани, Эскиараб қишлоғи, Гузар маҳалласида истиқомат қилган Ҳомиджон ота Ўзганов 1942 йилда – 17 ёшида урушга жўнаб кетади.

У 57-рақам билан Сталинград жангида иштирок этган. Жангчи кўз кўриб қулоқ эшитмаган уруш даҳшатларини бошидан кечиради. Япон урушида ҳам қатнашиб 1949 йилда, 7 йил деганда уйга кириб келади.

«1942 йилда Йўлдош Охунбобоев Фарғонада ўзбек дивизияси тузди. Дивизияга бор эркак ва аёлларни олди. 1925 йилда туғилганман. 17 ёшда эдим ўшанда. Жангга киришдан аввал бизни обдон тайёрлашди, ўқитишди. Жанг қилиш учун кўникмага эга бўлдик.

Ҳитлер «Москвани йўқотасан», деган. 1942 йил Фарғонага япон аскарларини олиб келишган. 14 та давлатни немис босиб олган экан. Ҳозирги Саткак бувада немислардан қочиб келган аскарлар тўпланишган. Пулемётчиликка ўқидим. Махсус тайёргарликдан ўтган бўлажак аскарларни ичимиздан танлаб фронтга олиб кетишди.

Ҳали-хануз ёдимда. Фронтгача вагонда 40 киши кетганмиз. Бўлажак аскарларни 3 йил ўқитиб, кейин қўлига қурол бераркан. Унгача танклар қарши ўралар, окоплар қазиб берганмиз.

Урушнинг совуғи қаттиқ бўларкан. Ўлганларни қишда кўмдирмаган. Ўликларга биров қарамаган. Одамлар увол бўлиб кетган. Ҳақиқий қирғинбарот жанг бўлган. Биз ана шундай кунларни бошимиздан ўтказдик. У кунлар энди қайтиб келмасин», – дея сўзлаб берган эди Kun.uz мухбири билан суҳбатда уруш фахрийси Ҳомиджон ота Ўзганов.

Отахон 2000 ва 2017 йилларда Ҳаж зиёратида бўлган эди.

Ҳомиджон ота Ўзганов билан 2021 йилнинг март ойида охирларида гаплашган эдик. Ниятимиз – отанинг хотираларини 9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида чиқариш эди. Бизга маълум қилишларича, уруш фахрийси 4 май куни оламдан ўтган. Яна бир тирик тарихдан айрилдик. Биз отахоннинг яқинларига чуқур таъзия изҳор қиламиз. Охиратингиз обод бўлсин, Ҳомиджон ота.

Сарвар Зияев,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид